
Юртимизда “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” Давлат дастурининг 323-бандида коронавирус қайтадан тарқалишининг олдини олиш, унинг инсонлар ҳаётига салбий таъсирини имкон қадар чеклаш йўналишидаги мақсадни амалга ошириш механизмларидан бири сифатида кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш вазифаси қўйилган. Бу вазифа Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимлари, туман ва шаҳар бўлинмалари зиммасига юклатилган.
– Пандемиянинг дастлабки пайтларида халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини самарали қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 апрелдаги фармойиши билан Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг вилоятлар бўлимлари, туман ва шаҳар бўлинмалари ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган “Саховат ва кўмак” жамғармаси ташкил қилинган эди, – дейди Фонднинг вилоят бўлими раиси Фахриддин Солиев. – Жамғарма Низомига асосан туман ва шаҳарларда ҳар бир сектор раҳбари тегишли маҳалла фаоллари билан биргаликда маҳаллалардаги ҳар бир оила, фуқаронинг моддий аҳволини ўрганган ҳолда ёрдам кўрсатиладиган эҳтиёжманд оилалар рўйхати ва уларга берилиши керак бўладиган маблағлар, кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари ҳажмини шакллантиради. Секторлар томонидан йиғилган маълумотлар халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига киритилиб, депутатлар муҳокамасига қўйилади. Кенгаш сессияси қарорига асосан “Саховат ва кўмак” жамғармасидан маблағлар аниқ кўрсатилган мақсадларга йўналтирилади.

Жорий йил ўн бир ойи давомида вилоятда “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан 25 минг 913 нафар эҳтиёжманд фуқарога 26 миллиард 889 миллион сўм маблағ сарфланди. Жумладан, ушбу маблағлар пул шаклида 7 минг 206 нафар фуқарога моддий ёрдам, 14 минг 605 нафар фуқарога озиқ-овқат маҳсулотлари, 556 нафар фуқарога дори воситалари хариди, 842 нафар эҳтиёжманд фуқарога даволаниши ва жарроҳлик амалиёти учун ва 2 минг 704 нафар фуқарога эса бошқа мақсадлар учун йўналтирилди.

– Бир неча йилдан буён соғлигимда муаммо бор, шифокорлар “жигар церрози” ташхисини қўйган, – дейди Навбаҳор туманидаги “Бешработ” МФЙда истиқомат қилувчи Г.Худойбердиева. – Шунда сектор раҳбарига мурожаат қилдим. “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан маблағ ажратилди. Натижада Ҳиндистон давлатида жарроҳлик амалиётини ўтказиб келдим.
Жорий йилда вилоятдаги 2324 эҳтиёжманд оиланинг мактаб ёшидаги фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари харид қилиш учун 641,5 миллион сўм, ижтимоий дафтарларда рўйхатда турувчи 1643 оилага 957,3 тонна кўмир ёқилғиси учун вилоят “Саховат ва кўмак” жамғармасидан қарийб 287,5 миллион сўм маблағ ажратилди.

Бундан ташқари Хатирчи туманида яшовчи уйда таълим олаётган 168 нафар ўқувчининг рўйхати шакллантирилиб, уларга 2022 йил учун зарур бўладиган дори-дармонлар учун халқ депутатлари Хатирчи туман Кенгаши қарорига асосан “Саховат ва кўмак” жамғармасидан 230,3 миллион сўм йўналтирилди.
Эзгу мақсадларда ташкил этилган “Саховат ва кўмак” жамғармаси халқнинг том маънодаги кўмакчисига айланди.
А.Бўриев, ЎзА