English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Инсон” ижтимоий хизматлар маркази иш бошлади
17:58 / 2023-12-07

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси байрами олдидан иш бошлаган Марказ очилишига бағишланган тадбирда сўз олган Андижон шаҳар ҳокими Ғофуржон Абдураҳмонов ва бошқалар томонидан мамлакатимизнинг янги таҳрирдаги Бош қомуси 1- моддасида “Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” деб белгиланганлиги, ана шундан келиб чиқиб, ижтимоий масалалар, хусусан, жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг ижтимоий муҳофазаси давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланганлиги таъкидланди.

Ижтимоий ҳимоя борасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 1 июндаги “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида ана шу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича қатор вазифалар белгиланган. Фармон ижроси доирасида турли вазирликлар таркибида тарқоқ фаолият юритаётган ижтимоий хизматлар бирлаштирилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, шунингдек, Агентликнинг вилоят бошқармалари, туман ва шаҳарларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилди.

Жумладан, Андижон шаҳри марказида жойлашган замонавий, барча қулайликка эга янги бинода “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ўз фаолиятини бошлади. 

[gallery-14954]

– Марказимизда жисмоний имконияти чекланган ҳамда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган аҳолига индивидуал ёндашув асосида профессионал ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатилади, – дейди марказ директори Шоҳрухбек Набиев. – Фаолиятимиз бевосита маҳалла билан боғлиқ бўлади. Маҳалладаги мавжуд “бешлик”ка ижтимоий хизматлар ходимларининг ҳам қўшилиши, албатта, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини тўла қамраб олиш, сифатли ва профессионал ижтимоий хизмат кўрсатиш орқали уларнинг оғирини енгил қилиш, муаммоларини ҳал этишга яқиндан ёрдам беради. 

Марказ орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам ягона тизимга жамланади, уларга кўрсатилаётган ижтимоий хизмат ва ёрдамлар ягона дастур доирасида мувофиқлаштирилади, фуқароларга бир жойда ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими жорий этилади, асосийси, имконияти чекланган фуқароларнинг жамиятдан ажралиб қолишига йўл қўйилмайди.

Марказ энг замонавий жиҳозлар, техник воситалар билан таъминланган. Ходимларнинг самарали фаолият юритиши ҳамда аҳолига сифатли ижтимоий хизматлар кўрсатиш учун зарур шарт-шароит ва қулайликлар яратилган. Айни кунда марказда 28 турдаги ижтимоий хизмат кўрсатилмоқда. Бундан ташқари, марказда психолог хизмати, тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси фаолияти ҳам йўлган қўйилган. 

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари