
Фарғона вилоятида мустақиллигимизнинг ўттиз бир йиллиги муносабати билан кўплаб нуронийларнинг ҳолидан хабар олинди. Бағдод туманида ҳам вилоят ҳокимининг табриги ва эсдалик совғалари бағдодлик бир гуруҳ нуронийларга манзилли тарзда етказилди.
Туман ҳокими Юсуфжон Ҳусаинов бошчилигидаги сектор раҳбарлари, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими масъуллари дастлаб “Бағдод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Иноятхон буви Каюмова хонадонида бўлди. Юзларидан нур ёғилиб турган момо меҳмонларни бирма-бир бағрига босиб, эсон-омонлик тилади. Иноятхон буви вилоят ҳокимининг табрикномасида ифодаланган самимий тилакларини диққат билан тинглар экан, кўкси ғурурга тўлиб, кафтларини дуога очди:
– Раҳбарлар учун биз ким бўпмиз, қариб-қартайган битта кампирмиз-да, деб юрардим, болам. Йўқ, унақамас экан! Илоҳим, юртимиз тинч бўлсин.
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ўлмасбой ота Долимов меҳмонларни пешайвонда қаршилади. Байрамолди йўқловдан отахоннинг ҳам қулфи дили очилди.
– Етти йил душманга қарши жанг қилдим, ундан кейин яна 50 йил колхозда ишладим, лекин бугунгидек иззат-икромни, ҳурмат-эҳтиромни кам кўрдим ҳаётимда. Президентга минг раҳмат айтаман. Ўзбекистонни бутун дунёга танитди шу киши. Ҳаммани бой қиляпти, барака топсин. Бир маҳаллар битта валасапит ҳам йўғ эди одамларнинг, энди-чи, ҳаракат қилганлар икки учтадан мошина ҳайдаяпти. Шукр қилиш керак бунақа замон учун...
М. Сулаймонов,
ЎзА