
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига навбатдаги Мурожаатномасида якунланаётган йилда эришилган муваффақиятлар билан бирга, йўл қўйилган хато ва камчиликларни таҳлил қилди. 2023 йилда амалга ошириладиган вазифалар, истиқболдаги режаларни белгилаб берди.
Ҳақиқатан, ўтиб бораётган 2022 йил ҳар томонлама ғоят мураккаб ва синовли йил бўлди. Пандемия билан боғлиқ қийинчиликлар якунига етмаган, кескин иқлим ўзгаришлари, сув ва табиий ресурслар танқислиги кучаяётган бир шароитда дунёда чуқур иқтисодий ва сиёсий инқирозлар юзага келди.
Шундай бир қийин шароитда давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати, ҳукуматимизнинг ўз вақтида кўрилган чоралари туфайли Ўзбекистон иқтисодиёти 2021 йилда 7,4 фоизга ўсган бўлса, мураккаб геосиёсий вазият фонида жорий йилда бу кўрсаткич 5,7 фоиз бўлиши кутиляпти. Ялпи ички маҳсулот ҳажми илк бор 80 миллиард доллардан ошди. Иқтисодиётимизга шу йилнинг ўзида 8 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинди. Экспорт эса 19 миллиард долларга етди.
Айниқса, сўнгги йилларда ижтимоий йўналишда муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Жорий йил тарихимизда илк бор пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаган даражага олиб чиқилди. Иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдори, аҳоли жон бошига даромадларни ошириш сиёсати изчил давом эттирилмоқда. Сўнгги олти йилда қарийб 300 мингта ёки аввалги йилларга нисбатан 10 баробар кўп уй-жойлар қурилди.
Бу ютуқлар Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги дастлабки натижалар ва бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Энг муҳими, халқимиз бу ўзгаришларни кундалик ҳаётида ҳис қилмоқда.
Албатта, бошланган катта ислоҳотлар қисқа вақтда ўз натижасини кўрсатиши қийин. Мактаб, боғча ва шифохоналарни кўпайтириш, таълим ва тиббиёт сифатини ошириш, ички йўллар таъмири, сув, электр, транспорт, янги иш ўринларини яратиш билан боғлиқ муаммолар етарли.
Давлатимиз раҳбари бу ҳақда гапириб, қанчалик қийин бўлмасин, биз бу муаммоларни ечишимиз шартлиги, ҳеч ким четдан келиб буларни ҳал қилиб бермаслиги, одамларимиз ташаббуси, шижоати ва салоҳиятини ишга солиш учун барча шароитларни яратиш асосий вазифа бўлишини таъкидлади.
Шу боис, Президентимиз 2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном беришни таклиф қилди ва йиғилганлар бу ташаббусни бир овоздан қўллаб-қувватладилар.
Президентимиз бежизга келгуси йилни бундай номламади. Бугун барча ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, унинг манфаатларини таъминлашга йўналтирилган. Келажагимиз эгалари – ёшларимизни юртга, Ватанга, халқимизга садоқат руҳида ўстириш, буюк аждодларимизга муносиб таълим-тарбия беришга қаратилган. Зеро, бундай эзгу ҳаракатлар рўёбини таъминлашда Президентимизнинг Мурожаатномаси ҳам дастуриламал бўлиши шубҳасиз.
Аҳмаджон Ғаниев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
ЎзА