
Андижон вилояти ички ишлар органлари тизимида хизмат олиб бораётган ёш ходимлар ўртасида “Ёш китобхон” кўрик-танлови бўлиб ўтди.
Танлов ички ишлар тизимида фаолият юритаётган ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб этиш, уларни китоб ўқишга, адабиётга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш, ходимларнинг интеллектуал салоҳияти ва тафаккурини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ички ишлар вазирлиги Ишчи гуруҳи ташаббуси билан Марҳамат туманидаги “Келажак нури” кутубхонасида “Ички ишлар органларида ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз!” шиори остида ўтказилган танловда вилоят ички ишлар органлари соҳавий хизматлари ҳамда туман, шаҳар ички ишлар бўлимларида хизмат олиб бораётган зукко, билимдон ёш ходимлар иштирок этди.
Танлов иштирокчилари “Сиёсий, маънавий-маърифий китоблар билимдони”, “Бадиий асарлар билимдони” ҳамда “Мен севган адиб” шартлари асосида билим ва салоҳиятини намойиш этди.
[gallery-9035]
Иштирокчиларнинг чиқишлари вилоят ИИБ, Ёшлар иттифоқи масъуллари, маънавиятчи ва кутубхоначилардан тузилган ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
Танловнинг якуний натижаларига кўра, Улуғнор тумани ички ишлар бўлими тергов гуруҳи терговчиси, лейтенант Хумоюн Анваржонов энг юқори балл тўплаб, биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўринни Бўстон тумани ички ишлар бўлими Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси инспектори, лейтенант Абдулазиз Акрамжонов, учинчи ўринни Олтинкўл тумани ички ишлар бўлими Кадрлар билан таъминлаш гуруҳи катта инспектори, лейтенант Муҳаммадкарим Шамсиддинов эгаллади.
Ғолиб ва совриндорлар вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбарияти томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА