
Мамлакатимизда охирги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларни ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасигача кўтарилди. Давлат ва бизнес ўртасида самарали мулоқотни ўрнатиш учун бир қатор институционал ва тузилмавий ислоҳотлар амалга оширилди.
Жумладан, Бизнес-омбудсман институти ҳам тадбиркорларнинг хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича бир қатор ишларни амалга оширмоқда.
Соҳадаги ислоҳотлар хусусида Бизнес-омбудсман девони масъул ходими Наргиза Гулимова қуйидагиларни маълум қилди:
–Тадбиркорларнинг хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича Бизнес-омбудсман девонига жорий йилнинг 6 ойида 64 та мурожаат келиб тушган, шундан 9 таси қаноатлантирилган, 44 тасига тушунтириш берилган.
Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари буйича давлат ташкилотларига жами 3 та таъсир чора қўлланилган, судларга даъво аризаси киритилиб, 6,5 миллиард сўм маблағ ундирилиши белгиланди. Хусусан, Фарғона шаҳридаги "Муҳаммад-Али" ФХ фойдасига Фарғона шаҳар ҳокимлигидан 3,6 миллиард сўм компенсация тўловини ундириш ҳақида судга даъво аризаси киритилган. Фарғона туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан даъво аризасини қаноатлантириш рад этилган.
Лекин Бизнес-омбудсман томонидан киритилган кассация шикояти Олий суд томонидан кўриб чиқилди ва фермер хўжалиги фойдасига компенсация тўлови ундирилиши белгиланди.
Шунингдек, Вакил девони томонидан хусусий мулкни ҳимоя қилиш соҳасида бир неча қонун лойиҳалари ишлаб чиқилишида иштирок этилган. Жумладан, жорий йил бошида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорларнинг банк ҳисоб варақларидаги пул маблағлари даҳлсизлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.
Эндиликда тадбиркорларнинг банк ҳисоб варақларидаги пул маблағларининг ҳимоя қилиниши янада кафолатланди.
Шу билан бирга, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси янги таҳрирда ишлаб чиқилди. Мазкур қонун билан хусусий мулк ҳуқуқи билан боғлиқ маъмурий ҳужжатлар фақат суд тартибида бекор қилиниши ёки ҳақиқий эмас деб топилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, мулк ҳуқуқини бекор қилиш бўйича тартиб-тамойиллар қонуности ҳужжатлар билан белгиланиши тақиқланмоқда. Хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича фуқаролик ва иқтисодий судларга мурожаат этишда давлат божини тўлашдан озод этиш тартиби белгиланмоқда.
Шу билан биргаликда, хусусий мулк ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилишнинг кафолатлари кучайтирилмоқда. Жумладан, хусусий мулк ҳуқуқининг ҳар қандай бузилишларини бартараф этиш, хусусий мулкка етказилган зарарни ундириш ҳақидаги талабларга нисбатан даъво муддати қўлланилмаслиги ҳамда шикоятнинг судга мурожаат қилиш муддати ўтиб берилгани сабабли қаноатланиши рад этилиши давлат органларининг қонунга хилоф қарорлари оқибатида етказилган зарарни ундиришга оид талабни суд тартибида кўриб чиқиб, ҳал этишни истисно этмаслиги белгиланмоқда.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, хусусий мулк дахлсизлиги қанчалик таъминланса, бу ўз навбатида тадбиркорларнинг сони ортишига, уларнинг фаолияти кенгайишига хамда давлат сиёсати ва эртанги кунга бўлган ишончининг янада ортишига ҳизмат қилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА