Мамлакатимизда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, ташкилот ва корхоналарда хизмат қилаётган ходимларни спорт машғулотларига кенг жалб этиш борасида тегишли давлат дастурлари қабул қилинган.
Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўгрисида”ги фармон ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга асосан вазирликлар, республика ташкилотлари ходимлари ўртасида футбол бўйича “Ҳукумат кубоги” мусобақасини ўтказиш белгиланганди.
Жорий йилнинг 16-20 ноябрь кунлари Тошкентдаги “Бунёдкор” ва “Жар” спорт мажмуаларининг футбол майдонларида 32 та ташкилот жамоалари иштирокида “Ҳукумат кубоги” мусобақалари бўлиб ўтди.
[gallery-9664]
Мусобақанинг саралаш босқичлари «Бунёдкор» футбол академиясининг ўқув-машғулот майдонларида ташкил этилиб, шиддатли ўйинлар натижасида финал учрашувида қатнашиш ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ва Ўзбекстон Республикаси Мудофаа вазирлиги жамоалари мушарраф бўлди.
Пойтахтимиздаги “Жар” футбол майдонида ўтган финал баҳсида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати жамоаси 2:1 ҳисобида зафар қучди ва 1-ўрриннни қўлга киритди. Ўз навбатида 2-ўрин Мудофаа вазирлиги жамоасига, 3-ўринлар эса Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Бош прокуратура футбол жамоаларига насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар Спортни ривожлантириш вазирлиги томонидан медаль, диплом ва ҳамкор ташкилотларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тақдирлаш маросимида Спортни ривожлантириш вазирлиги бошқарма бошлиғи Шарифжон Мўминжонов, “Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш” дерекцияси раҳбари Умид Ражабов ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.
Т. Рўзиев, ЎзА