Сайловларнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутади. Жумладан, улар орқали фуқаролар ўз сайлов ҳуқуқларини амалга ошириш, сайловда қатнашаётган турли сиёсий партиялар ва номзодлар сайловолди дастурларининг асосий йўналишларидан хабардор бўлиш имкониятига эга бўлади.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари сайловга тайёргарлик ишларини кузатиб бориш, уни ўтказишга доир барча тадбирларда қатнашиш учун Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтказилади.
Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда хорижий давлатларнинг кузатувчиларини аккредитациядан ўтказишга доир масалалар кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, ОАВ вакиллари сайлов кампанияси даврида холис ахборотларни кенг, тезкор ва эркин тарқатиш, шунингдек, ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ташкил этиши учун аккредитациядан ўтказилади. Оммавий ахборот воситаси сайловга камида ўн кун қолгунига қадар Марказий сайлов комиссиясига ўз вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисида мурожаат қилишлари мумкин.
Жорий йил 27 октябрь куни мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир тадбирларда қатнашиш учун хорижий ва маҳаллий ОАВ вакилларининг аккредитацияси бўйича мурожаатлари мутлақо янги тартибда “E-saylov” ахборот тизими орқали электрон тарзда тақдим этилмоқда.
Эътиборли жиҳати, аккредитация бўйича мурожаатлар нафақат электрон шаклда, балки соддалаштирилган тартибда юборилмоқда. Хусусан, эндиликда мурожаат билан бирга ОАВнинг давлат рўйхатидан ўтгани тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси, ходимнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати нусхаси, ОАВ вакилини аккредитациядан ўтказиш анкетаси ҳамда электрон фотосуратини тақдим этиш зарурати қолмади.
Мазкур маълумотларнинг барчаси идоралараро интеграцион платформа орқали “E-Saylov” ахборот тизимида автоматик тарзда шакллантирилмоқда. Бу эса аккредитациядан ўтиш жараёнларида ОАВлар учун қўшимча қулайлик яратади ҳамда сайловларнинг янада очиқлигини таъминлашга хизмат қилади.
Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан “E-saylov” ахборот тизимига келиб тушган мурожаатларга кўра 7 та оммавий ахборот воситасининг, хусусан, 1 та телерадиоканал, 4 та босма, 2 та интернет нашрининг жами 42 нафар вакили аккредитациядан ўтказилди. Аккредитация гувоҳномалари ҳам тизим орқали автоматик тарзда янги замонавий кўринишда шакллантирилди ҳамда ОАВ вакилларига тақдим этилди.
ОАВ вакиллари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларни ёритиши, сайлов комиссияларининг мажлисларида ҳозир бўлиши, номзодлар кўрсатишга бағишланган йиғилишларда, номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларида иштирок этиши, муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти ва жойи ҳақида хабардор бўлиши ҳамда ушбу жараённи кузатиши мумкин.
Бундан ташқари, мажлис кун тартибига мувофиқ халқаро ва хорижий кузатувчиларнинг навбатдаги гуруҳини аккредитациядан ўтказиш масаласи кўриб чиқилди.
Жумладан, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, Осиё Парламент Ассамблеяси, Кўрфаз Араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши, ШҲТ каби халқаро ташкилотлардан, Малайзия, Мальдив, Арманистон, Озарбайжон, Филиппин, Грузия, Молдова, Покистон, Туркия каби хорижий марказий сайлов органларидан, Австрия, Арманистон, Беларусь, Буюк Британия, Белгия, Испания, Қозоғистон, Корея, Латвия, Малайзия, Нидерландия, Озарбайжон, Польша, Саудия Арабистони, Словакия, Тайланд, Франция, Япония ва Ҳиндистон каби хорижий давлат ҳокимияти органлари, вазирликлар, идоралар, илмий-тадқиқот институтларининг жами 109 нафар вакили кузатувчи мақомида аккредитациядан ўтказилди.
Ҳозирги кунда аккредитациядан ўтказилган халқаро ва хорижий кузатувчилар сони 291 нафарни ташкил этмоқда.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА