
Андижонда ўсмирлар ўртасида баскетбол бўйича вилоят чемпионати бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда оммавий спорт турларини ривожлантириш, ёшларни спортга жалб этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, спортнинг баскетбол тури оммавийлигини ошириш мақсадида вилоят Ёшлар сиёсати ва спорт, Мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари ҳамкорлигида Хўжаобод тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактабида 16 ёшли ўсмирлар ўртасида ўтказилган мусобақаларда туман, шаҳар жамоалари иштирок этиб, ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди.

Қизғин ва муросасиз кечган мусобақанинг якуний натижаларига кўра, Хўжаобод тумани ёш баскетболчилари барча рақибларидан устун келиб, вилоят чемпионлигини қўлга киритди. Энди улар мазкур ёш тоифасида республика чемпионатида иштирок этади.
Вилоят чемпионатида иккинчи ўрин Избоскан тумани, учинчи ўрин эса Андижон шаҳри жамоаларига насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар мусобақа ташкилотчилари томонидан диплом ҳамда тегишли медаллар билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари.