
Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, “Заковат интеллектуал клуби” ННТ ва Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида хотин-қизлар ўртасида “Заковат” интеллектуал турнирининг ҳудудий босқичи ўтказилди.
Мазкур танлов “Заковат” интеллектуал ўйинини аҳоли орасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш, гендер тенгликни таъминлаш, юртимизда хотин-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, аёлларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш ҳамда уларнинг интеллектуал қизиқишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил қилинмоқда.
[gallery-10805]
Ҳудудий босқичда вилоятдаги турли ташкилот, корхона ва муассасаларда фаолият олиб бораётган хотин-қизлардан ташкил топган 27 та жамоа иштирок этди.
Якуний натижаларга кўра, 3-ўринга Учқудуқ туманидан ташриф буюрган “Intelligent”, 2-ўринга Навоий шаҳрининг “NZK Women” жамоаси лойиқ деб топилди. 1-ўринни Зарафшон шаҳридан келган “Everest” жамоаси эгаллади ва турнирнинг финал босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндорлар Оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан муносиб тақдирланди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА