English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хотин-қизлар муаммолари ўрганилди
11:53 / 2023-01-31

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова Навоий вилоятидаги ўрганишлари давомида Қизилтепа туманидаги “Узилишкент” маҳалласига борди.

Ўрганиш давомида Президентнинг 2022 йил 29 июндаги “Маҳаллаларда ижтимоий хизматларни кўрсатиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам бериш тизимини янги босқичга кўтариш ҳамда хотин-қизларни касбга ўргатиш ишларини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан маҳалладаги бешлик ҳамда тумандаги 16 та корхона-ташкилот раҳбарлари иштирокида учрашув ўтказилди.  

Маҳалладаги “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари билан ҳудудда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ажримларнинг олдини олиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш каби долзарб вазифалар ҳақида давра суҳбати ташкил этилди.

Шунингдек, Бош вазир ўринбосари раҳбарлигида Президентимизнинг 2022 йил 25 ноябрь куни Навоий вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича 15 та масъул ташкилот раҳбарларидан иборат Ишчи гуруҳ ташкил этилиб, Кармана тумани “Талқоқ” маҳалласида хатлов ўтказилди.  

– Хатлов давомида 1103 та хонадон масъул ташкилотлар томонидан тўлиқ хатловдан ўтказилди, – дейди вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси масъул ходими Гулруҳ Аҳадова. – Хатлов натижаларига кўра 124 нафар ишсиз фуқаро аниқланиб, суҳбат чоғида 10 нафарини ўзини ўзи банд қилиш фаолият турларига жалб этиш, 8 нафар норасмий банд бўлганлари ишини қонунийлаштириш, 5 нафари тадбиркорлик қилиш истагини билдирган бўлса, 19 нафари ишлаш истаги йўқлигини маълум қилган.

Бош вазир ўринбосари Хатирчи туманидаги “Дамариқ” маҳалласида жойлашган “Замирахон 2019” хусусий корхонасида бўлиб, корхонада фаолият олиб бораётган хотин-қизлар учун яратилган шароитлар билан танишди. Шунингдек, “Қўрғонтепа” маҳалласидаги хотин-қизларни касбга ўқитиш марказида аёллар учун яратилган шароитлар билан танишди, уларни қийнаётган муаммолар бўйича суҳбатлашди.

Туманда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик имкониятларини кенгайтириш ва маҳаллаларда ижтимоий ҳимоя тизимини янада мустаҳкамлаш бўйича масъулларга тавсия ва кўрсатмалар берилди.

 

А.Бўриев, ЎзА