Хоразмда "Чегарасиз туризм" туризмни ривожлантириш халқаро форуми ўтказилади

Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатларнинг етакчи компаниялари ҳамда мамлакатимизнинг туристик бизнес вакиллари иштирокидаги мазкур халқаро форум жорий йилнинг 29 ноябрь куни Хива шаҳрида ўтказилади.
Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан ташкил қилинадиган халқаро форум кун тартибидан "Евроосиё иқтисодий иттифоқида туризм: сайёҳлик оқимини жадал тиклаш салоҳияти, истиқболлари ва муаммолари", "Барқарор ва яшил туризм кун тартибидаги ўзаро таъсир", "ЕОИИ мамлакатлари ўртасида йўловчи транспорти алоқаларини кенгайтириш", "Келажак туризми: туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш борасида ҳамкорлик истиқболлари" каби долзарб масалалар ўрин олган.


Ушбу форум ички туризмни сезиларли даражада ривожлантириш бўйича янги ташаббусларни ишлаб чиқиш, туризм соҳасида илмий-техникавий ва сармоявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ўзаро тажриба алмашишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Аҳмаджон ШОКИРОВ,
ЎзА мухбири