English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Хонатлас” фестивали доирасида турли тадбирлар ўтказилмоқда
08:29 / 2023-09-30

Халқимизнинг минг асрлик урф-одат ва анъаналарини намойиш этиш, миллий қадриятларимизни мазмунан бойитиш, атлас ва адрас тарғиботини кучайтириш мақсадида ташкил этилган “Хонатлас” фестивали жойларда қизғин давом этмоқда.

“Ўзавиация” агентлигида мазкур фестивал доирасида агентлик хотин-қизлари томонидан миллий либосларда флешмоблар тайёрланди ва байрам тадбири ўтказилди.

Шунингдек, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги Қарши шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмда ҳам “Хонатлас” фестивали доирасида ташкил этилган беллашувларда округ тасарруфидаги ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган ҳарбийларнинг рафиқалари, Қуролли Кучлар ишчи хизматчи аёлларидан ташкил топган жамоалар 4 та шарт бўйича қобилиятларини намоён этди.

“Таништирув” шарти иштирокчилари нутқ равшанлиги, фикр теранлигини намоён қилган бўлса, “Ҳунарманд элда азиз” шартида хотин-қизларнинг миллий ҳунармандчилигимиздан қай даражада хабардор эканликлари баҳоланди. Бежирим кашталар, задрўзлик санъати, қўл меҳнати асарлари ҳаттоки тўқима гиламлар намойиши инсон кўзини қувонтиради.

“Миллий либослар намойиши”да ўзбек атласининг гўзаллиги яна бир бора бўй кўрсатди.  

“Эркин мавзу” шартида қадимий маданиятимизни тараннум этувчи миллий қўшиқлар, лапарлар куйланди, алла ижро этилди. Ҳакамлар томонидан берилган баҳоларга кўра, Қарши туманида жойлашган ҳарбий қисм вакилаларидан иборат “Бегойимлар” жамоаси биринчи ўринга лойиқ, деб топилди.

Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган ҳарбий қисмда ҳам юртимиз бўйлаб кенг нишонланаётган “Хонатлас” фестивали юқори кайфиятда, байрамона руҳда давом этди.

Фестивал доирасида сўзга чиққанлар хонатлас бутун дунёда ўз мухлисларига эгалиги, ундаги ёрқин ранглар ва такрорланмас нақшлар кишига хуш кайфият бағишлаши, мафтун этишини эътироф этди.

Н.Раҳмонова, ЎзА