Ҳоким ёрдамчилари тадбиркорликка ўқитилади

Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг "Ўзбекистон ҳудудларида иқтисодий ислоҳотлар ва иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлаш» лойиҳаси раҳбари Беате Шорайт хоним Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги директори М. Убайдуллаев билан учрашди.
Унда агентлик ва GIZ ташкилоти ўртасида Ўзбекистон ҳудудларида иқтисодий ислоҳотлар ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшма ҳаракатлар режаси белгилаб олинди.
Ушбу ислоҳотларни йўлга қўйишда ҳоким ёрдамчиларининг билим ва малакасини ошириб бориш зарурати алоҳида таъкидланди. Чунки қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорлик соҳаси кўп қиррали бўлиб, уларнинг ҳар бири махсус билимга эга бўлишни талаб этади.
Шу боис, Президент ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси билан биргаликда республика ҳудудларини ривожлантириш режаларини ишлаб чиқиш борасида ҳоким ёрдамчиларини ўқитиш ва малакаларини ошириш масаласи келишиб олинди.
ЎзА