Қашқадарё вилояти Миришкор туманидаги Миришкор маҳалласида оилавий тадбиркорлик билан шуғулланаётган, томорқадан унумли фойдаланиб, ўзига хос деҳқончилик мактабини яратган оилалар фаолиятини ёритиш мақсадида борган эдик. Бизга маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳилола Аҳмедованинг ўзи ҳамроҳлик қилди. Дастлаб кўзи ожиз бўлишига қарамай, турмуш ўртоғи ҳамда фарзандлари билан биргаликда 10 сотих томорқасида деҳқончилик қилиб, миллионлаб даромад топаётган Фарҳод Ҳамроевнинг хонадонига бордик. Дарвозага яқинлашар эканмиз ҳовлида экинларни ўтоқ қилаётган 7-8 ёшлардаги қизалоқ бизни кўриши биланоқ, уй томон югурди.
— Она-а... она қаранг, Ҳилола опам келяпти.
Буни кўриб МФЙ раиси Ҳилола Аҳмедова ҳам у томонга талпинди. Аввал қизалоқни бағрига босиб кўришди. Сўнг хонадон соҳибларининг ҳар бири билан алоҳида ҳол сўрашиб чиқди.
Ишни тугатгач, кейинги манзилимиз нафақат маҳалла, балки туманда ўзининг деҳқончилик ишлари билан донг чиқарган 72 ёшли отахон Тўрақул Нусратовнинг хонадони бўлди. Эътиборли томони, бу гал ҳам худди юқоридаги ҳолат рўй берди. Дарвозадан киришимиз билан оғилхонада молларига ем бераётган Тўрақул бобо бизни кўриб уйи томонга юзланиб чақирди:
Ҳов онаси, қара, Ҳилола қизим келяпти.
Ичкари уйдан югургилаб чиққан нуроний аёл аввал Ҳилола Аҳмедовани бағрига босиб саломлашди. Сўнг биздан ҳол-аҳвол сўради.
Кейин яна ўнлаб хонадонларга бордик. Барчасида шу ҳолат такрорланаверди. Ҳамма маҳалла раисини ўзгача меҳр, самимият билан қарши олади. Ўртада ҳеч қандай расмиятчилик, бегоналикни сезмайсиз. Йўл-йўлакай Ҳилола Аҳмедовадан бунинг сабабини сўрадик.
— Шу маҳаллада 17 йилдан буён ишлайман, – дейди у. – Аввал маҳалла раисининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган бўлсам, ўтган йили МФЙ раислигига сайландим. Тўғриси, бу лавозимда ишлай олишимга кўзим етмаганди. Чунки бу лавозимнинг масъулияти жуда катта эканини биламан. Шу сабаб кўп иккиландим. Лекин маҳалла аҳлининг ўзи менинг номзодимни илгари суриб, “Сиз ишланг, қандай кўмак керак бўлса биз доим ёнингиздамиз” деб туриб олишгач, ичимда қандайдир ишонч, куч пайдо бўлди. Сайловда катта фарқ билан ғолиб бўлганимни эшитиб, йиғлаб юборганман. Демак, маҳалладаги ўн олти йиллик фаолиятим бекор кетмабди, шу элнинг кўнглидан чиқибман, ишончига кирган эканман, деб фахрландим. Бугун эса ана шу ишончни йўқотиб қўйишдан жуда қўрқаман. Бу ишонч менга жуда катта куч бағишлайди, маҳаллам учун янада кўпроқ ишлашга, кўпроқ меҳнат қилишга ундайверади.
Таъкидлаш жоиз, ўзаро ҳурмат, ишонч бўлган, одамлар бир мақсад йўлида бирлаша олган жойда ишларнинг ривожи ҳам бўлиши табиий. Бунга “Миришкор” МФЙ мисолида ҳам гувоҳ бўлдик.
[gallery-10941]
Бугунги кунда маҳалладаги 649 та хонадонда 3389 та аҳоли истиқомат қилмоқда. 65 та хонадон оилавий тадбиркорликни йўлга қўйган. 37 киши эса миллий ҳунармандчилик билан шуғулланмоқда. Маҳалла ҳудудида савдо, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш ва тадбиркорликнинг бошқа фаолиятлари билан шуғулланувчи 32 та масъулияти чекланган жамияти фаолият юритмоқда. 12 нафар фуқаро фермер хўжалиги таъсис этган. Яқинда маҳалла ҳудудида очилган “Миришкор текстиль” корхонаси эса яна юзлаб маҳалла ёшлари, ишсиз хотин-қизларни иш билан таъминлади.
— Натижада “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” да рўйхатда турган фуқароларимиз қолмади, – дейди Ҳилола Аҳмедова. – Ҳамма оила маълум даромадга эга. Расман ишламайдиганлар ҳам томорқада деҳқончилик ва чорва билан шуғилланишади. Қайсидир юмуш билан банд. Ҳеч кимнинг бекорчи вақти йўқ. Натижада ўтган 2022 йил давомида маҳалламизда бирорта ҳам жиноят содир этилмади.
Ҳа, Миришкор маҳалласидаги ишларнинг ривожида маҳалла раиси Ҳилола Аҳмедованинг ҳам ҳиссаси катта. Бу маҳалладан ташқари, туман миқёсида ҳам эътироф этилмоқда. Яқинда Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи чоғида Давлат раҳбари билан учрашувга миришкорликлар номидан Ҳилола Аҳмедованинг таклиф этилиши боиси ҳам шундан.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА.