
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан мазкур ижодий тузилма аъзоси, ёзувчи Гулнора Раҳмоннинг «Умрнинг уч фасли» қиссалар тўплами ҳамда унинг таржимасида адиб Дафна Дю Моренинг «Ребекка» ва «Рейчел» китоблари тақдимоти ўтказилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, адабиётшунос олим, профессор Қозоқбой Йўлдошев ва бошқалар ижодкорларнинг янги нашр этилган китоблари тақдимотини ўтказиш тақдиримиз адабиёт билан чамбарчас боғлиқ эканини, адабий жараёнлардан бевосита бохабарликни оширишда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
— 21-асрнинг 22 йилида китоб ўқиш камайиб кетгани жуда таассуфли ҳолатдир, — деди адабиётшунос олим, профессор Қозоқбой Йўлдошев. — Таниқли рассом, истеъдодли ёзувчи Гулнора Раҳмоннинг «Умрнинг уч фасли» асарини икки қайта ўқидим. Ёзувчи воқеани тирилтирсагина, асар ўқувчига қизиқ туюлади. Бу асарда тирик одамларнинг тасвирини кўриш мумкин. Тақдир дарёсида оқиб кетиб ҳам, тинимсиз изланаётган Райҳон биби, Ширинбонуларнинг образлари қизиқарли талқин этилган. Асарда ички маданияти юксак бўлган ўзбек аёлининг образини чизган. Инсон руҳиятидаги баландликни пастлатиб бўлмаслиги, эзгуликни ёвузликка айлантириб бўлмаслиги жуда гўзал тасвирланган.
Дарҳақиқат, Гулнора Раҳмоннинг «Умрнинг уч фасли» асарида изтиробларга тўла чинакам ҳаёт нафаси уфуриб туради. Ундаги бош қаҳрамон аёл — она умрининг барча изтиробларини мардона енгиб ўтиб, пўлатдек тобланади. Шу орқали муаллиф инсон иродаси нақадар буюк кучга эга эканлигини тасвирлаб, исботлаб беради.
[gallery-8970]
Китоб тақдимотида ушбу асарни фильмга айлантириш таклифи билдирилди. Китоб 2022 йилда Ғафур Ғулом номидаги нашриётда 500 нусхада чоп этилган. Унга Наби Жалолиддин муҳаррирлик қилган.
Ёзувчи Дафна Дю Моренинг «Ребекка» ва «Рейчел» асарларини инглиз тилидан ўзбек тилига таржима қилди. «Ребекка» асарини ўқир экансиз, гўзал табиат бағрида кечадиган сирли воқеалар жараёни ўқувчининг ҳайрат ва қизиқишларини орттириб бораверади. Психологик триллер жанридаги асарда ёш қиз бадавлат бева эркакка турмушга чиқади ва оиладагилар қатори уни ҳам эрининг ўлган биринчи аёлининг руҳи таъқиб қилишини билиб қолади. Мутолаа жараёнида сюжетнинг нечоғли қизиқарли эканига гувоҳ бўлиш мумкин. Мазкур китоб 2022 йилда «Янги аср авлоди» нашриётида 2000 нусхада чоп этилган. Унга Феруза Эгамова муҳаррирлик қилган.
Гулнора Раҳмоннинг яна бир таржима асари «Рейчел» романидир. Асарда муҳаббат бўлиб кўринган туйғу доим ҳам инжа ҳислардан иборат бўлмаслиги, бунинг ҳақиқат эканига мутолаа жараёнида ишонч ҳосил қилиш мумкин. Ушбу китоб Феруза Қувонова муҳаррирлигида 2022 йили «Янги аср авлоди» нашриётида 2 минг нусхада чоп этилган.
Тақдимот тадбирида Гулнора Раҳмоннинг янги асарлари хусусида батафсил сўз юритилди.
Назокат Усмонова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА