English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳарбий жиноятлар ҳужжатлаштирилмоқда...
15:18 / 2023-09-26

Конгресс қўшимча маблағ ажратишни маъқулламаса, тез орада Қўшма Штатларнинг Украинани қўллаб-қувватлаш учун маблағи етишмай қолиши мумкин. Бу ҳақда “CNN” телеканалига Оқ уй миллий хавфсизлик кенгаши стратегик коммуникация бўйича мувофиқлаштирувчиси Жон Кирби баёнот берди.

- Биз сўраётган қўшимча молиялаштириш амалга оширилмаса, Украинани куз ва қиш ойларида қўллаш имкониятимиз чегараланиб қолади, - деган у.

АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси ўринбосари Майкл Пайл Украина келажакда ҳарбий ёрдам олиши учун мамлакатда ўтказилиши зарур бўлган ислоҳотлар рўйхатини йўллади. Бу мактуб матни “Украинская правда” нашрида эълон қилинди.

Бир гуруҳ америкалик қонуншунослар АҚШ Президентининг миллий масалалар бўйича ёрдамчиси Жейк Салливанга мурожаат қилиб, Украинага берилган маблағ миқдори ҳақида маълумот сўраган. Айни ҳужжатни сенатор Жеймс Дэвид Вэнс ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ошкор қилган.

БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши томонидан Украинада текширув ўтказиш мустақил комиссияси мамлакат Қуролли кучларининг инсон ҳуқуқи бузилиши тўғрисидаги тезкор ва чуқур текшируви натижасини кутиб қолишини эслатган. Бу ҳақда Кенгашнинг Женевада ўтаётган 54-сессияси ҳисоботида айтилди.

Мамлакатда венгр озчилиги ҳуқуқи тикланмагунча, Венгрия халқаро даражада Украинани қўллаб-қувватламайди. Бош вазир Виктор Орбан парламентдаги чиқишида шундай баёнот берди.

Италия собиқ Бош вазири, Еврокомиссия собиқ раҳбари Романо Проди Украинадаги зиддиятни фақат АҚШ ва Хитой иштирокида ҳал этиш мумкин, деган.

Польшанинг Украинани ўзаро илиқ муносабатни тиклашга мажбурлаш нияти йўқ, ушбу давлат билан дўстлик алоқаси бўлмаса ҳам ҳаёт давом этаверади. Бу ҳақда Президент маъмуриятининг халқаро сиёсат бюроси раҳбари Марчин Пшидач “RMF FM” радиосига интервьюсида айтиб ўтди.

“Биз НАТО ва ЕИ аъзосимиз, мустаҳкам давлатчилигимиз бор. Украина ҳозир дардман, Польшадан ёрдам сўраши керак. Сўрамаса, мажбурлаш йўқ. Украина биз билан дўст бўлишни истамаяпти”, деган у.

Зиддият давомида ҳарбий жиноятларни ҳужжатлаштириб юрган Украина Бош прокурорининг собиқ ўринбосари Гюндуз Мамедов бошқа мамлакатлар, хусусан Германия суд идораларини айни текширувга қўшилишга чорлади. “DРА” агентлиги хабарида у ўтган йил декабрь ойидан бери гуманитар халқаро ҳуқуқ қоидаси 500 мартадан кўпроқ бузилганини қайд этган. Мамедов айтишича, Германия Суриядаги фуқаролар уруши чоғида аҳолига қарши қўлланган жиноятларни назоратга олган. Шунинг учун ҳам у немис ҳокимиятини ёрдамга чақирган.

Польша Бош вазири Матеуш Моравецкий Президент Владимир Зеленскийни бошқа ҳеч қачон БМТдаги чиқиши каби “полякларни ҳақорат” қилмасликка чақирди. У Украина етакчисининг БМТ Бош ассамблеясида Польшани танқид қилиб, “Европадаги бошқа дўстларимиз дон ташиш масаласи атрофида бундай триллер – “сиёсий театр” намойиш қилмаган эди”, деган баёнотига шу тарзда жавоб берган.

Американинг илк “Abrams” танклари Киевга етиб келди, дея маълум қилди Зеленский. Аввалроқ “The New York Times” нашри танклар режадан бир ой олдин етиб боргани хабарини берган эди.

Аброр Хон, ЎзА