English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар йили жадидчиликка оид янги архив ҳужжатлари топилмоқда
17:37 / 2022-08-13

Буюк аждодларимизнинг бой мероси, илм-фанда яратган кашфиётлари, янгиликлари жаҳон тамаддунини бойитган.

Уларни асраб-авайлаш, шу билан бирга, ўқиб ўрганиш, тадқиқ этиш муҳим вазифалардандир. Бугунги кунда биргина жадидчиликка оид минглаб ҳужжатлар ўрганилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Миллий архивида 200дан ортиқ таниқли маърифатпарварларнинг шахсий фондлари, шунингдек, минглаб қўлёзмалар, китоб ва рисолалар, ўша даврни акс эттирувчи ҳужжатлар сақланяпти.

Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан «Аждодларимизнинг бой маънавий мероси архив материалларида» мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда парламент қуйи палатаси депутатлари, «Ўзархив» агентлиги илмий ходимлари, тарихчи-олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

— Юртимиз азалдан илм-фан ва маданият бешиги бўлиб келган, бу ерда яратилган маданий ва маънавий бой мерос нафақат минтақа, балки жаҳон цивилизацияси тараққиётида ғоятда муҳим ўрин тутади, — деди Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Эркин Зоҳидов. — Шу боис, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини чуқур ўрганиш, уларни асраб-авайлаш муҳим вазифамиздир. Бу борада Президентимизнинг 2021 йил 26 мартдаги «Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида жадид маърифатпарварлари ғояларидан ёш авлод тарбиясида фойдаланиш вазифаси белгилаб берилган. Яъни, қарорнинг «Йўл харитаси»да тадқиқотчилар гуруҳини шакллантириш, инновацион тадқиқот лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, илмий-амалий ва инновацион тадқиқот ишлари бўйича муҳокамалар, давра суҳбатлари, амалий семинарлар ўтказиш назарда тутилган.

Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, жадидчилик тарихини ўрганишда ҳар йили янги архив ҳужжатлари топилмоқда. Ушбу материаллар эса кечиктириб бўлмас илмий изланишларни талаб этади.

Тадбир доирасида Президентимиз қарорида белгиланган тарғибот технологияларидан бири – «Мозийга саёҳат» мавзусида депутатлар учун махсус саёҳат тури ташкил этилди. Ўзбекистон миллий архиви, Ўзбекистон Илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архиви, Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви томонидан ташкил этилган фото ва ҳужжат кўргазмаси, Ўзбекистон Миллий архивининг Кўргазмалар зали, ҳужжатлар сақловини таъминлайдиган махсус хоналар, архив фонди ҳужжатлари реставрация бўлими, ноёб ҳужжатлар сақловхонаси кўздан кечирилди. Шунингдек, жадидларнинг бой мероси ва ҳаёти, уларнинг ижтимоий келиб чиқиши, ижоди билан таништирувчи кинохроника фильмлари намойиш этилди.

Депутатлар жадид маърифатпарварларининг қўлёзмалари билан яқиндан танишар экан, уларни сақлаш ва халқимизга таништириш юзасидан олиб борилаётган ишлар билан қизиқди ва ўз саволларига жавоблар олди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА