
Аввал хабар берилганидек, шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудларда, ўз сайлов округларида бўлиб, янгиланаётган Конституциямиз мазмун-моҳиятини, унда акс этаётган янги нормалар аҳамиятини аҳоли ўртасида кенг тушунтирмоқда.
Депутат Анвархон Темиров Наманган вилояти Косонсой туман ҳокимлигида туман фаоллари иштирокида янги таҳрирдаги Конституциямиздаги нормалар ҳақида маълумотлар берди.

— Бугунги кунда юртимизда инсон қадрини улуғлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – деди депутат. – Ушбу инсонпарварлик сиёсати янгиланаётган Конституциямизнинг энг муҳим жиҳатларидан биридир. Конституцияда ҳар кимнинг меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш ҳуқуқи кафолатланмоқда. Мазкур норманинг Конституцияда белгиланиши фуқароларнинг иш ҳақлари миқдори шунчаки эмас, айнан уларнинг муносиб турмуш кечиришини таъминлаш, пировард натижада аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ва мамлакатимизда ижтимоий адолатни устувор қадриятга айлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши ҳам мустаҳкамланмоқда. Қолаверса, давлат фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ва қайта тайёрланишини ташкил этиши ҳамда рағбатлантириши ўз аксини топмоқда.
Учрашувда қайд этилганидек, бу каби янги нормалар фуқароларни иш билан таъминлаш, камбағаллик тоифасига кириб қолган фуқароларни ундан чиқаришга хизмат қилади. Тарғибот тадбирида сўз олган аҳоли вакиллари Конституциявий ислоҳотлар борасида ўз муносабатларини, фикрларини билдирди.
Ана шундай учрашувлардан яна бири депутат Зуҳра Шодиева иштирокида Оққўрғон туманидаги тиббиёт ходимлари билан бўлиб ўтди.

Унда депутат янгиланаётган Конституциянинг мазмун-моҳиятига тўхталар экан, амалдаги Конституциямизнинг моддалари 128 тадан 155 тага кўпаяётгани, Конституциямиз қарийб 65 фоизга янгиланаётганини таъкидлади. Шунингдек, янгиланаётган Конституцияда аҳоли кафолатланган бепул тиббий хизматлардан фойдаланиши мустаҳкамланаётгани хусусида батафсил маълумот берди.
— Аҳоли саломатлигини асрашда сифатли тиббиёт тизими ҳал қилувчи аҳамиятга эга, – деди депутат. – Фуқаролар зарур пайтларда сифатли тиббий хизмат учун давлатга суяна олиши лозим. Шу боис, янгиланаётган Конституцияда фуқаролар давлат ҳисобидан тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини олишга ҳақли эканлиги белгиланмоқда. Бу жуда муҳим ижтимоий кафолатдир. Чунки аҳолининг айрим қатламларининг пулли асосда ёки хусусий шифохоналар хизматидан фойдаланишга имконияти етмаслиги мумкин. Ана шундай вазиятда давлат ўз фуқаросини кафолатланган тиббий хизмат билан таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олиши керак. Конституциядан ўрин олаётган ушбу модда айнан мазкур жиҳатларни кўзда тутади. Умуман, аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ нормалар 4 баробар кўпаймоқда. Бу аҳоли соғлиғини ишончли муҳофаза қилиш, оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар таҳдидини ўз вақтида бартараф этиш имконини беради.
Халқ вакилларининг жойлардаги тарғибот-тушунтириш ишлари қизғин руҳда давом этмоқда.
Муҳтарама Комилова, ЎзА