English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар бир оиланинг ўз бахт сири бор
12:52 / 2023-12-01

Ҳар бир киши оила аталмиш муқаддас гўшага қадам қўяр экан, турмуш ўртоғи билан бир умр бахтли ҳаёт кечиришни, солиҳ ва солиҳа фарзандларни улғайтириб, уларнинг камолини кўришни, ҳаёт сўқмоқларида жуфти билан бирга қадам ташлашни истайди. Оила алоқалари узоқ муддат давомида катта тажрибалар асосида қарор топади. Турмуш давомида ҳар икки томон ҳам ўз вазифасини масъулият билан адо этсагина, оиладаги тинчлик-хотиржамлик, бахту саодатнинг асосини таъминлаган бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг  76-моддасига кўра, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасидадир. Никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.  

Статистик маълумотларга кўра, мамлакатимизда оилалар сони   9 679395  та бўлиб, шундан  30 ёшгача бўлган ёш оилалар сони  3 171513 тани  ташкил этади.  

Аслида  ҳар бир оиланинг ўз бахт сирлари бор. Аммо афсуски,  сўнгги  пайтларда оилалар ўртасида ажримлар сонининг ортиб бораётганлиги кенг жамоатчиликни жиддий ташвишга солмоқда. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси  томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра,  жорий йил январь-октябрь ойи якунига кўра,  янги расмийлаштирилган никоҳлар сони  202 минг 568 тадан иборат бўлган.   Шу вақт давомида 41  минг 583 та оилавий ажрим  қайд этилган.  Бу кўрсаткич  ўтган 2022 йилнинг шу даврида 40  минг 345 тани ташкил этган бўлиб, ўтган йилга нисбатан  2,5фоизга (+1238 та ) га ортган.  

Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган халқлар ва  давлатлар албатта инқирозга юз тутганлигининг  гувоҳи бўламиз. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.  

Ижтимоий ҳаётдаги энг долзарб муаммолардан бири бу оилалардаги ажримлардир. Таҳлилларга кўра, оилавий ажримлар кўрсаткичлари ўтган йилгига нисбатан   Қорқалпоғистон Республикаси(-59), Самарқанд (-285),  Қашқадарё (-68), Бухоро (-95), Тошкент (-198), Сирдарё вилоятларида (-134)  камайганлиги аниқланган бўлса,   энг юқори ўсиш кўрсаткичлари Фарғона вилоятида 10,2 фоизга ёки 456 тага (4 901), Андижон вилоятида 14,9 фоизга ёки 612 тага (4 695), Хоразм вилоятида 7,4 фоизга ёки  330 тага  (2 030), Тошкент шаҳрида 5,2  фоизга, ёки 255 тага  (5 130) ортганлиги аниқланган.  

Никоҳдан ажралиш сабаблари ўрганилиб, таҳлил этилганда   16,0 фоиз (6 минг 689та) ҳолатда никоҳланувчиларнинг оилага тайёр эмаслиги,    12,3 фоиз  (5 минг 124 та) ҳолатда фарзандсизлик,  15,0 фоиз (6 минг 262 та) ҳолатда 3-шахс аралашуви, 12,2 фоиз  (5 минг 80 та) ҳолатда узоқ вақт бир оила бўлиб яшамаганлик,  5,9 фоиз (2 минг 474та) молиявий ва моддий қийинчиликлар  ҳамда   2,7 фоиз  (1135та) ҳолатда  хиёнат  сабаб бўлганлиги маълум бўлган. Шунингдек, аксарият оилалар  2,6 фоиз (1 минг 98та) спиртли ичимлик ва гиёҳванд моддалар истеъмоли, 1,5 фоиз  (634 та) тазйиқ ва зўравонлик, 2,1 фоиз  (884 та) ҳолатда оммавий ёки хорижий маданиятнинг салбий таъсири ва бошқа сабаблар  туфайли барбод бўлган. Оилалардаги ажримлар оқибатида 30 мингдан кўпроқ бола бугунги кунда тирик етимга айланган.  

Миллатнинг умумий бахти, саодатли эртаси учун бугун ҳаракат қилиш шарт. Бунда аввало оилада туғилган фарзандларнинг чиройли муҳитда ўсиши, камол топиши ва улар балоғатга етганида оилага тайёрланиши муҳим аҳамият касб этади. Оилавий ажрашишларнинг сабаблари юзасидан ўтказилган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар муаммо аксарият ҳолларда маънавий даража, психология ва тарбияга боғлиқ эканини кўрсатади.  

Психолог Шоира Исоқованинг сўзларига кўра,  ёш авлод оила қуришга тайёр эмас. Шу билан бирга аксарият қайноналарнинг ҳам оила борасида илми, тажрибаси йўқ, ташқаридан келган бир қизга қандай муносабатда бўлишни билмайди.  

Оила аталмиш муқаддас қўрғонни асраш фақатгина қизларга боғлиқ эмас.  Бу бевосита забардаст, ақл-заковатли, теран нигоҳли йигитларнинг ҳам қўлидадир.    

Бугунги кунда республикада   9 минг 442 та маҳалладаги маҳалла хотин-қизлар фаоллари, 150 мингдан зиёд  Оқила аёллар ҳаракати аъзолари, жамоатчилик вакиллари ҳамкорликда низо бошланаётган оилаларга кириб, уларда қайнона, қайнота, келин ва куёв  билан индивидуал ишлар орқали оилаларни ажримгача етиб бормай яраштириш чоралари кўрилмоқда ва бунинг натижасида  24 минг 193 нафар ажрим ёқасига келиб қолган оилалалардан 20 минг 265 нафари яраштирилишига эришилган. Барча шаҳар ва туманларда мавжуд Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари фаолияти такомиллаштирилган ва  10 ой давомида 67 минг 237 нафар никоҳланувчи шахс  ушбу марказларда ўқитилган. Ҳудудларда  “Низоли оилалар билан ишлаш индивидуал ишлаш дафтари” ишлаб чиқилган бўлиб, унда низоли оилаларга индивидуал ёндошиш йўл-йўриқлари белгиланган ва бу дафтарга низоли оилалар киритилиб, тегишлича мутахассислар томонидан якка тартибда иш олиб борилиши йўлга қўйилган.    

Ҳар бир инсон бахтли бўлишга ҳақли, у бахтни орзу қилади, бахтга интилади. Инсонлар бахтли бўлса, оилалар бахтли бўлади. Оилалар бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади.  

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА