English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳамкорлик давом этмоқда
20:56 / 2022-11-23

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш, минтақавий савдо кўламини кенгайтириш, соғлиқ учун жиддий таҳдидларни, жумладан, COVID-19ни бартараф этиш мақсадида қатор лойиҳалар амалга ошириб келмоқда.

Хусусан, 2010 йилдан буён мамлакатимизга озиқ-овқат кўмаги халқаро ҳамкорлик дастури доирасида жами 4 миллион доллар қийматга эга 1425 тонна озиқ-овқат етказиб берилган. Беғараз ёрдам сифатида ажратиладиган ушбу маҳсулотлар Американинг нотижорат ташкилоти “Resource and Policy Exchange” томонидан “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси билан бирга тарқатилади.

Мазкур хайрли ишнинг давоми сифатида бугун ҳам 410 минг долларлик 131 тонна озиқ-овқат юртимизга кириб келди. Тўйимли сабзавот ва дуккаклилар аралашмасидан иборат маҳсулотлар соғлиқни сақлаш тизими ҳамда ижтимоий ҳимоя муассасаларига, ёрдамга муҳтож оилаларга берилади.

- Мамлакат бўйлаб тарқатиладиган озиқ-овқат ёрдамининг 13-босқичини амалга оширяпмиз, - деди “USAID” Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит. 

- Бу лойиҳа республикада аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги тизимни мустаҳкамлайди. Биз 100 га яқин соғлиқни сақлаш тизими ва ижтимоий муҳофаза муассасаларидаги 35 мингдан зиёд инсонни қамраб оламиз. Ҳамкорликдаги хайрли иш давом этаверади.

Маълум бўлишича, бу галги кўмак сил касаллиги билан оғриган беморларга, меҳрибонлик масканлари, қариялар ва ногирон болалар уйлари, узоқ муддатли парваришлаш муассасаларига йўналтирилади.

Г.Сатторова, ЎзА