English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқимиз учун улуғ ва бебаҳо неъмат – Мустақиллигимиз абадий бўлсин
09:36 / 2022-09-01

Мустақиллик шарофати билан юртимизнинг барча қишлоқ ва шаҳарлари қиёфаси кундан кунга гўзаллашиб бормоқда. Бунёд этилаётган янги-янги бинолар, обод бўлаётган гузару кўчалар озод ва обод юртимизнинг кўркига кўрк қўшмоқда. Юртдошларимиз эса бугунги тинч ва осойишта, тўкин ва фаровон ҳаётимизга шукроналар келтириб, Ватан равнақи, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлида астойдил меҳнат қилмоқда.

Аллоҳ таоло ўз каломида марҳамат қилади: "Роббингиз томонидан берилган неъматларга шукр келтирсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир" ("Иброҳим" сураси, 7-оят). Яна бир ояти каримада эса "Имон келтирган ва солиҳ амал қилган зотлар эса, билиб қўйсинларки, албатта, Биз яхши амал қилган кишининг мукофотини зое қилмасмиз" ("Қахф"сураси) деб бандаларни имонга ва солиҳ амалларни бажаришга чақиради.

Дарҳақиқат, ҳар бир инсон икки дунё саодатига эришиш йўлида Аллоҳ таоло буюрган ва У рози бўладиган амалларни бажаришга ҳаракат қилиб яшамоғи, жамият равнақи, умуминсоният манфаати йўлида холис ва сидқидилдан хизмат қилмоғи, ўз зиммасидаги вазифаларни бекаму кўст адо этмоғи лозимдир. Шукрки, бугунги кунда юртимизда тинчлик-осойишталик, фаровонлик ҳукм сурмоқда. Фуқароларимиз эса ана шу неъматларга шукроналик билан умр кечирмоқдалар. Айниқса, халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами мамлакатимиз мустақиллигининг қутлуғ ўттиз бир йиллик тўйини кўтаринки кайфият, тинчлик-хотиржамликда нишонлаётганлигимиз учун Яратганга беҳад шукроналар айтамиз.

Ушбу муборак байрам арафасида "Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?" деган саволни ўзимизга берсак, ана шу шукроналик неъматини янада теранроқ англаймиз. Сир эмас, бундан бир неча ўн йиллар аввал, эмин-эркин намоз ўқиш, ибодат қилиш учун жуда катта тўсиқлар бўлган, ҳаж зиёрати ҳақида эса, очиғи, фақат орзулар қилардик. Бундай мартабага бутун мамлакатимиздан фақат саноқли кишиларгина мушарраф бўлар эди. Бугун-чи? Бугун намоз ўқиш учун барча шарт-шароитларга эга масжидларимиз ишлаб турибди, ибодат қилишимиз учун ҳеч қандай тўсиқ, тазйиқ йўқ. Ҳар йили минглаб юртдошларимиз улуғ ҳаж, муборак умра зиёратини адо этмоқда. Бундай эркинликка беадад шукрлар қилишимиз керак.

Аллоҳ таолога беадад шукроналар бўлсинки, бугун тинчлик ва осойишталик неъмати соясида, ҳаётимиз осуда кечмоқда. Юртимизда ана шу улуғ неъматнинг бардавом бўлиши бежиз эмас, албатта, Чунки меҳнаткаш халқимиз томонидан ўлкамизнинг ҳар бир гўшасида хайрли ва савобли ишлар олиб борилмоқда, одамларимизнинг дилидан, тилидан шукроналик тушмайди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): "Инсонларнинг яхшиси - инсонларга манфаати кўпроқ етадиганларидир" деб марҳамат қилганлар. Демак, одамларга, жамиятимизга, юртимизга имкон қадар манфаат етказайлик, зотан, шу орқали Аллоҳнинг марҳаматига мушарраф бўлайлик. Халқимиз учун улуғ ва бебаҳо неъмат – Мустақиллигимиз абадий бўлсин.

Мирзамақсуд Алимов, 
Андижон вилояти бош имом-хатиби.

ЎзА