
Муносабат
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида 2023 йил “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном берилиши бу нафақат таълим, балки барча соҳа вакиллари дилидаги гап бўлди.
Юртимиз аҳолиси сони ошмоқда. Бу эса амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами, яратилаётган иш ўринлари сони, маҳаллаларда оилаларга кўрсатилаётган ижтимоий-иқтисодий кўмак ҳажмини тобора ошириб боришни ҳам тақозо этади. Юртбошимиз бу масалага тўхталар экан, ғоят мураккаб ва синовли даврда мазкур масалалар энг биринчи вазифа сифатида белгилаб олинганлигини таъкидлади. “Ушбу даврда тўплаган тажрибамиз бир ҳақиқатни яққол исботлаб бермоқда: тараққиёт – фақат ва фақат жасоратли меҳнат орқали бўлади!” - деди Президент.
Бугун халқимиз нимани, қандай ўзгаришларни истамоқда? Юртбошимиз айни шу масала юзасидан олиб борилган таҳлилларни тилга олар экан, мактаб, боғча ва шифохоналар сонини кўпайтириш, таълим ва тиббиёт сифатини янада ошириш, маҳаллаларда йўл, сув, электр, транспорт муаммоларини ҳал этиш бугунги куннинг ўта зарур ва муҳим вазифалари эканлигини қайд этди. Бундан ташқари, жойларда қўшимча иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни янги имкониятлар билан таъминлаш, бу соҳадаги оворагарчилик, бюрократия ва коррупцияни тўла йўқ қилиш ҳам халқимиз розилиги йўлидаги зарур ислоҳотлар саналади.
Шубҳасиз, Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлашдек устувор вазифа турибди ва бу қуйи тизимлардаги ҳар бир раҳбар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Юртбошимизнинг “Аслида ҳам, бизнинг энг бебаҳо бойлигимиз, бу – бунёдкор халқимиз, дуогўй ота-оналаримиз, навқирон авлодимиз эмас-ми?”, дея таъкидлагани бежиз эмас.
Ҳеч кимга сир эмас, ҳар бир мамлакат тараққиётининг ўзаги энг биринчи навбатда таълимнинг сифати, етиштирилаётган кадрларнинг рақобатбардошлигига бориб тақалади. Жаҳон сиёсати марказларидан бирига айланаётган юртимизда ҳам асосий эътибор Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилган, десак хато эмас. Ўқитувчиларнинг мақомини ошириш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, жумладан бу масалани Конституцияда мустаҳкам белгилаш юзасидан қилинаётган ўзгаришлар таҳсинга лойиқ.
Мурожаатномада қайд этилганидек, келаси йилдан бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилиши яна бир муҳим янгилик. Миллий таълим тизимида фарзандларимизнинг қобилиятини ривожлантиришга, креатив фикрлашни рағбатлантиришга, бошланғич таълимданоқ хорижий тилларни ўқитишга, замонавий технологияларни ўзлаштиришга эътибор қаратилаётгани, келгусида олий таълимда дунёда рақобатбардош кадрлар тайёрлаш самарасини бир неча каррага оширади, албатта.
Мурожаатномада 700 дан ортиқ касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар имкониятидан самарали фойдаланиш зарурлиги ҳам кўрсатиб ўтилди. Бу мақсадда 2023 йилдан бошлаб янги дастур амалга оширилади. Ҳар бир вилоятда биттадан техникумда Европа касбий таълим стандартлари жорий этилади. Кимё саноати, электротехника, транспорт ва энергетика соҳаларида нуфузли халқаро ташкилотлар билан бирга, алоҳида Муҳандислик мактаблари ташкил қилинади. Бу янгиланишларнинг кончилик, кимё-технология, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларида ёш мутахассислар етиштириб келаётган бизнинг олий таълим муассасамиз учун ҳам аҳамияти катта.
“Одамларимизнинг ташаббуси, шижоати ва салоҳиятини ишга солиш учун барча шароитларни яратиш асосий вазифамиз бўлиши керак”, дея таъкидланди Мурожаатномада. Албатта, бугунги ва келгусидаги барча ўзгаришлар аввало, халқимизнинг орзу-умидлари, хоҳиш-истаклари билан ҳамоҳанг бўлишини кўрсатади. Юртимиз аҳли ўз олдига улкан мақсадлар қўйган экан, шубҳасиз баҳамжиҳатликда кўзланган барча натижаларга эришилади.
Бахтиёр Мардонов,
Навоий давлат кончилик ва
технологиялар университети ректори,
техника фанлари доктори,
профессор.
ЎзА