English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гулистонда замонавий меҳмонхона фойдаланишга топширилди
21:02 / 2022-12-28

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри “Намуна” маҳалласида янги “Comfort apart hotel” меҳмонхонаси иш бошлади.

Очилиш маросимида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Акмалжон Маҳмудалиев, сектор раҳбарлари, нуронийлар иштирок этди ва яратилган шароитлар билан танишди.

Тадбирда тадбиркорларга берилаётган эътибор, имкониятлар, яратилган шарт-шароитлар ҳақида сўз борди.  

– Бу лойиҳа сабаб 15 та янги иш ўрни яратилди, – дейди тадбиркор Зафар Мамадалиев. – Келгусида меҳмонхона ва хизмат кўрсатиш ишларини кенгайтириш орқали иш ўринларини янада оширмоқчимиз.

Маълумот учун, 2018 йилда вилоятда 7 та меҳмонхона, 5 та ресторан-кафе ва 1 та экотуризм маскани фаолият юритган бўлса, бугунга келиб, меҳмонхоналар 12, ресторан-кафелар 20, экотуризм масканлари сони эса 5 тага етди. Бундан ташқари ўтган 4 йил мобайнида 14 хостел, 11 оилавий меҳмон уйлари фаолияти йўлга қўйилди. Туризм ва унга турдош соҳаларда 6715 та янги иш ўрни яратилди.

Айни вақтда эса "Shoxrux Demirbek" МЧЖ томонидан қиймати 6 миллион АҚШ долларига тенг йирик сиғимга эга меҳмонхона ҳамда замонавий даволаш-соғломлаштириш маскани, "Soxil Ekoturizm" МЧЖ томонидан овчилик, балиқчилик қилишга мўлжалланган дам олиш маскани, "Classimo and hayat" МЧЖ томонидан қиймати 8 миллиард сўмлик меҳмонхона ва боулинг-клуб лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, келгуси йилларда “Ravon Arena” МЧЖ томонидан Сирдарё тумани Шоликор маҳалласида ресторан, меҳмонхона, балиқ ови ва чўмилиш ҳавзалари, болалар ва спорт майдончаларини ўз ичига олган комплекс барпо этилиши режалаштирилган.

Шуҳрат Суяров, ЎзА