English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ғўза парваришида муҳим палла
19:38 / 2023-08-21

Август ғўза етиштиришда муҳим палла ҳисобланади. Боиси бу ойда ғўза ҳосилига ҳосил қўшилади. Чигит униб чиққандан сўнг 40 кундан зиёд чиллага солинади, яъни фақат қатор ораларига ишлов берилади, суғорилмайди. Ғўза илдизи нам излаб ерга чуқур киради. Бу эса келгусида унинг ҳосилдор бўлишини таъминлайди. Шундан сўнг минерал ўғит берилиб издириб суғорилади. Шу кундан бошлаб ғўза баравж ўса бошлайди. Эндиликда ўғитлашни ҳам, суғоришни ҳам, ишловни ҳам кечиктириб бўлмайди. Айни мана шу ишлар август ойига тўғри келади. Шу ойда қилинган агротехник тадбирлар ҳосилдорлик гарови ҳисобланади.

Қашқадарё вилояти пахта етиштириш борасида республикада етакчи ўринда туради. Жумладан, вилоятнинг Шаҳрисабз туманида фаолият юритаётган фермер хўжаликлари ҳам бу йилги мавсумни ижобий якунлаш учун пухта ҳозирлик кўрмоқда.  

Туманда жорий йилда 202 фермер хўжалиги томонидан 4 минг гектар майдонда ғўза парваришланмоқда. Улар 2023 йил ҳосили учун ҳудуддаги “Оқсарой” кластер МЧЖ билан контрактация шартномаларини имзолаган.  

Туманнинг Чоршанбе массиви “Темирчи” маҳалласида фаолият юритаётган “Худойқулова Назира Бозоровна” фермер хўжалиги раҳбари Назира Худойқулова ҳам тумандаги етакчи фермерлардан. Сочлари далада оқарган, умрининг салкам 25 йилини пахта далаларида ўтказган фермер ўз тажрибаларига таяниб, ҳар йили пахтадан 45-50 центнергача хирмон кўтаради. Бу йил ҳам ҳосилдан умиди катта.  

– Хўжалигимизнинг умумий ер майдони 42 гектар бўлиб, шундан 17 гектари пахта, – дейди 64 ёшли фермер Назира Худойқулова. – Баҳорги инжиқ об-ҳаво салгина қўрқитиб қўйди. 15 март куни чигит экканмиз. Кўпчилик далалардаги кўкарган ғўзаларни совуқ уриб кетди. Шукрки бизники қолди. “Наманган-77” навини экканмиз. Айни кунларда ишлар жуда қизғин. Шу кунга қадар керакли агротехник тадбирларни вақтида олиб бориб, уч марта ўғитладик. Сув вақтида қуйилмоқда. Насиб бўлса, қилинган меҳнатларимиз ўзини оқлаб, биринчилар қаторида режани бажаришни мақсад қилганмиз.  

Ғўза парваришида минерал ва маҳаллий ўғитлар билан ўғитлаш, вақтида суғориш муҳим аҳамият касб этади. Кун иссиғида ғўза тез сувга келади. Бу эса доимий сувни талаб қилади. Буни яхши англаган туман фермерлари бугунги яратилган имкониятлардан фойдаланиб, ўз даласида томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилмоқда.  

Таъкидлаш лозимки, 2023 йилда  сувни иқтисод қилиш учун сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича Шаҳрисабз туманида жами 886 гектар, жумладан 732 гектар томчилатиб суғориш (482 гектар пахта, 150 гектар боғ, 100 гектар ток, 20 гектар бошқалар) ва 154 гектар ёмғирлатиб суғориш (79 гектар ғалла, 75 гектар сабзавот) технологияларини жорий қилиш ҳамда 600 гектар лазерли текислаш тадбирларини амалга ошириш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқилган.  

Туман бўйича 27 та фермер хўжаликларининг 599,3 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича 16 миллиард 623 миллион сўмлик пудрат шартномаси тузилган.  

[gallery-13199]

 – “Оқ-сарой” кластер МЧЖ томонидан молиялаштирилаётган “Оқ-сарой агро Қамаши” МЧЖ  қурувчи корхонаси билан 26 та фермер хўжаликларининг 579,3 гектар пахта майдонларига 16 миллиард 113 миллион сўмлик пудрат шартномаси тузилиб, 21 та фермер хўжаликларининг 478 гектар пахта майдонларига 1 донадан  сув йиғувчи ҳовуз қазилди, – дейди Шаҳрисабз туман ирригация бўлимининг сув тежовчи технологияни жорий этиш бўйича масъули Собир Турсунов. – 21 та фермер хўжаликларининг 463 гектар пахта майдонларига хизмат қилувчи 22 та сув йиғувчи ҳовузларга  гемембраналар тўшалди. Ҳовуз атрофлари сим тур билан ўралиб электр токлари тортилди. 18 та фермер хўжаликларининг 407 гектар пахта майдонларига  18 та  насос ва филтрлар жамланмаси ўрнатилди. Ҳозирда 10 та фермер хўжалигининг 196 гектар пахта майдонлари қатор орасига томизгичли шланглар ётқизилди. “Оқ-сарой” кластер МЧЖ томонидан 8 та фермер хўжалигининг  166 гектар пахта майдонида сув тежовчи технологиялар  тўлиқ ишга туширилди. Кластер корхонаси томонидан 11 та  фермер хўжалигида қўшимча  артизан қудуқ қазиш ишлари олиб борилмоқда.  

Албатта, томчилатиб суғоришнинг афзалликлари кўп. Биринчидан сувни иқтисод қилади, ҳар битта ғўзанинг бир хилда сув ичишини таъминлайди. Қатор ораларига ишлов бериш ишлари ҳам бир неча баробарга камаяди.  

– Жорий йилда 20 гектар пайтда майдонимизга томчилатиб суғориш технологиясини татбиқ қилдик, – дейди “Кеш паҳлавони Бобоқулов” фермер хўжалиги раҳбари Санжар Темиров. – Ҳозирча ҳаммаси яхши. Ғўзаларни суғоряпмиз. Чунки биринчи бор жорий қилишимиз бу технологияни. Агар ўзини оқлаб, кутган натижага эриша олсак, келгусида барча далаларимизни ушбу усулда суғоришни йўлга қўйишни мақсад қилганмиз.  

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, пахта миллий бойлигимиз. Йилдан-йилга жаҳон бозорида ўзбек пахтаси юқори баҳоланмоқда. Бу эса нафақат фермер хўжаликларининг, балки иқтисодиётимизнинг бойишида муҳим туртки бўлади.  

Ўлмас Баротов, 
Жамшид Норқобилов (сурат), 
ЎзА.