English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Газ баллонлари узоқ овулларга ҳам етиб борган
12:09 / 2023-02-08

Бухоро вилоятида аҳолига суюлтирилган газ баллонларни ўз вақтида узлуксиз етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, узоқ қишлоқ ва овулларнинг газ таъминоти доимий назоратда.

Пешку туманидаги Жонгелди маҳалласидаги “Сафрон”, “Қалъа Ота”, “Жонгелди” қишлоқ овуллари бир биридан 100 километр узоқликда жойлашган. Овулда битта мактаб ва 2 та мактабгача таълим ташкилоти бор. Ҳудуд Бухоро шаҳар марказидан 250 километр узоқликда жойлашган. Аҳоли маиший эҳтиёжлари учун газ баллонлардан фойдаланади. Уларга “Пешкутумангаз” газ таъминоти бўлими ходимлари томонидан маиший газ баллонлари етказиб берилади.

– Маҳалла аҳолиси газ таъминоти ходимларидан миннатдор, –дейди маҳалла фаоли Ойжамол Жулмирзаева. – 30 кун деганда газ баллонлари махсус автотранспорт воситаси орқали етказилади. Олис ҳудуд бўлишига қарамай тўловларни онлайн амалга оширамиз. Муаммолар бўлгани йўқ.  

Овул истеъмолчиларига умумий ҳисобда 3 минг 940 кило суюлтирилган газга тўлдирилган 197 дона маиший газ баллонлари етказиб берилади. Газ баллонларини тарқатиш давомида ходимлар томонидан турли бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун  хавфсизлик қоидаларига риоя этиш лозимлиги тушунтирилади.  

“Қалъа ота” қишлоғидаги мактабгача таълим ташкилоти ходимлари ҳам соҳа ходимлари фаолиятидан мамнун.  

–Нафақат аҳоли хонадонлари, балки ижтимоий соҳа объектларида ҳам маиший газ баллонлари етказиб берилади,  – дейди мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Феруза Бафоева. –Хусусан, маҳалладаги мавжуд 2 та мактабгача таълим ташкилоти маиший газ баллонидан фойдаланади. Тарбияланувчиларга иссиқ таом пиширишда газ баллонларидан фойдаланамиз. 30 кун ўтдими, дарров газ баллонимизни келтириб беришади, ўрнатиб, хавфсизлигимизга эътибор бериб, тушунтириб кетишади.  

Бир сўз билан айтганда бугун овулларда оташин ҳаёт қайнамоқда. Юқоридаги саъй-ҳаракат эса аҳоли турмуш даражасини кўтариш, муаммоларни жойида ҳал қилиш, эртамиз эгаларининг соғлом ва талаб даражасида билим олишлари, ўсиб улғайишлари учун зарур воситадир. Газ таъминоти корхонаси ходимлари томонидан кўрсатилаётган хизмат ҳам олис ҳудуд истеъмолчиларининг яшаш шароитини янада фаровон бўлишига  хизмат қилмоқда.  

Зариф Комилов, ЎзА