
Ўзбекистон – Россия - 0:0. Учрашув кутилганидек шиддатли, хавфли вазиятларга бой бўлмади. Биринчи бўлимдаги айрим ҳолатларда ҳамда иккинчи бўлим сўнггида Ўзбекистон терма жамоасининг бир оз мазмунли ўйин намойиш этганлигини ҳисобга олмаса, учрашув деярли Россия футбол жамоасининг устунлигида кечди.
Ўйин давомида терма жамоамиз дарвозабони Ўткир Юсуповнинг иккита голли ҳолатнинг олдини олганлиги, ҳакамнинг Россия дарвозаси олдида рус футболчилари томонидан аниқ қоида бузилиш содир этганлигини «кўрмаганлиги» ҳисоб 0:0 кўринишида қолишини таъминлади.

Нима бўлганда ҳам, мазкур ўйин Ўзбекистон терма жамоаси учун яна бир «машғулот-учрашуви» бўлган бўлса, мухлису мутахассислар катта манзилларни кўзлаётган терма жамоамизнинг умумий техник-тактик кўринишига гувоҳ бўлди. Хўш, биз шундай ўйин услуби (агар шу услуб бўлса) билан келгуси жаҳон чемпионатлари, қитъа чемпионлиги мақомларини орзу қилсак бўладими? Билмадик. Бу, масалани "қилни қирқ ёрар" мутахассису мураббийлар ҳукмига қолдирган ҳолда орзулар осмонида хаёл суришда давом этаверамиз.

Россия терма жамоаси учун эса ушбу учрашув қайсидир маънода асабий кечган бўлса-да, улар мақсадларига эришди. Тошкентда «чигал-ёзди» ўйинини ўтказди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси бундан тўрт кун муқаддам Қозоғистон жамоасини 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратганди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА