
Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида 18 нафар фуқаронинг уй-жойи туман ҳокимиятининг келишув битимига асосан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун бузилган. Бироқ, унинг компенсация пуллари ўз вақтида тўлаб берилмагач, масалага суд орқали ечим изланган.
Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судининг ижро ҳужжатида туман ҳокимлиги ҳисобидан 18 нафар фуқарога келишув битимига асосида тўлаб берилмаган 676 миллион сўм компенсация ундириш белгиланган.
Мазкур суднинг ижро ҳужжатлари Мажбурий ижро бюроси Шеробод туман бўлими иш юритувига қабул қилиниб, мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилди. Натижада Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг тегишли моддаларига асосан ижро ҳужжати бўйича қарздор туман хокимлигига талабнома юборилиб, ҳисоб рақамларига инкасса талабномалари қўйилди.
Шу асосда туман ҳокимлиги ҳисобидан ижро ҳужжатлари бўйича фуқаролар фойдасига 676 миллион 628 минг сўм компенсация пуллари тўлиқ ундириб берилди. Ижро ҳужжатлари белгиланган тартибда иш юритувидан тугатилди.
Мансур Исмоилов,
МИБ Сурхондарё вилояти
бошқармаси катта инспектори