English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Фуқаро» атамасида камчилик борми?
20:13 / 2022-08-13

Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда мамлакатимиз фуқароларига нисбатан «фуқаро» атамасини қўлланиши ҳақида бир қатор баҳсли маълумотлар тарқатилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Айрим муаллиф ва фойдаланувчилар томонидан «фуқаро» сўзи араб тилида «бечора», «камбағал» деган маънони англатувчи «фақир» сўзининг кўпликдаги шакли экани таъкидланиб, халқни «фақир, фуқаро» деб аташ ноўрин деган фикр билдирилмоқда.

Айни пайтда «фуқаро» атамасини бошқа сўзга алмаштириш, масалан, «Ўзбекистон фуқароси» ўрнига «Ўзбекистон беки» («Ўзбекистон бекаси») ёки «Ватандош» сингари жумлаларни қўллаш мақсадга мувофиқ деган таклифлар илгари сурилмоқда.

Ушбу фикр-мулоҳазалар қанчалик ўринли?

Шу юртда яшовчи ва шу давлат паспортига эга бўлган барча инсонга ушбу мавзу тааллуқлидир.

Биринчидан, инсонларнинг ўзаро мулоқотида қўлланадиган ҳар қандай тил «ўлик тил»дан фарқли равишда, доимий ривожланишда бўлади, унинг луғат бойлиги ўзгариб, бойиб, сайқалланиб боради. Сўз ва атамалар ўзининг дастлабки маъносини ўзгартириб, баъзан ҳатто дастлабки маъносини йўқотиб, бошқа маъно ташувчига айланиши мумкин. Тилшунослар бундай ўзгаришларга кўплаб мисол келтириши мумкин.

Масалан, кўп халқлар қатори ўзбеклар ҳам кўп қўллайдиган «шофёр» сўзи француз тилидаги “chauffeur” – ўт ёқувчи деган маънони берган. Шофёр деганда транспорт воситаси ҳайдовчиси эмас, балки машина моторига ўт қаловчи, ўт ёқувчи тушунилган.

Мавзуга бевосита алоқадор бўлган, ҳозирги вақтда жуда кўп давлатларда «шахсни тасдиқловчи ҳужжат» маъносида ишлатиладиган ва катта-кичикка бирдай таниш бўлган «паспорт» сўзини олиб кўрайлик. XVIII аср бошида Италия, Франция, Англия, сингари давлатларда қайиқларни портга кириши учун бериладиган ёзма рухсатнома шундай аталган (лотинча “passare - ўтиш, portus - порт, қирғоқ» сўзларидан), кейинчалик бир давлат чегарасидан ўтиш учун бериладиган ёзма рухсатнома «паспорт» деб тушунилган.

Рус тилидаги (славян тилларидаги)«гражданин» ва инглиз тилидаги «citizen» атамалари ҳақида ҳам шундай дейишимиз мумкин. Бошқа тилларда ҳам шу аҳвол бўлса керак.

Дастлаб «гражданин» («горожанин») деган атама «шаҳар аҳолиси», «шаҳарлик» деган маънони берган, XVIII асрдан ҳозирги маънода, яъни бирор бир давлатга мансуб халқ вакили деб ишлатила бошлаган. Агар биз бу атамани дастлабки маъносида қўлласак, шаҳарда яшамайдиган аҳолиси бу давлатнинг гражданини эмас деган маъно келиб чиқади.

Инглизча «citizen» немисча “bürger” атамалари ҳам «шаҳарлик», «шаҳарда яшовчи» деган маънони билдиради. Англия ёки Германиянинг шаҳардан ташқари ҳудудида яшовчи аҳолиси «citizen» ёки “bürger” атамаси фақат шаҳарликларни билдиради, шунинг учун бу атамани ўзгартириш керак, чунки бу атама қишлоқликларни камситади деб айтишни тасаввур қилиш қийин.

Иккинчидан, бугунги кунда «фуқаро» сўзи «гражданин» маъносида онгимизга сингиб бўлган. Тилшунослар айтмаса, кўпчилик бу сўзнинг қачонлардир «қашшоқ» маъносида ишлатилганини билмайди ҳам. Тилни халқ яратади. Адабий тил, луғат бойлиги халқнинг оғзаки сўзлашувига асосланади, аксинча эмас ва бу ҳолатда ҳеч қандай ғайриоддийлик йўқ. Ҳозирги вақтда «Фуқаро» атамаси ўз этимологияси, дастлабки маъносига қарамай, ўзбек тилида бошқа тиллардаги «гражданин», «citizen» деган маънони билдиради.

Учинчидан, «Фуқаро» атамасини «бек» ва «бека» сўзига алмаштириш нима беради?

Айрим Ўрта Осиё ва Яқин Шарқ халқларида ҳукмрон ва имтиёзли табақаларга мансуб зодагонларни Бек (бег, бик, бай, бий, бей) деб аташган. Маълум бир ҳудуд ҳокими ёки ҳарбий қўмондонларни ҳам бек дейишган.

Айрим муаллифлар таъкидлашича, «Бек, бека» атамаси ҳозирги кунда мамлакатимизда истиқомат қилувчи барча миллат ва дин вакилларига бирдай мос келар эмиш. Айтайлик, «Ўзбекистон бекаси Кассандра Кудряшкина» деган жумлалар қулоққа қандай ўрнашади деб ўйлайсиз?

Бугун биз ватандош, деганда қачонлардир ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидан бошқа давлатларга чиқиб кетишган, асосан, ўзбек миллатига мансуб юртдошларимизни тушунамиз. Уларнинг кўпида аллақачон бошқа давлат паспорти бор. Агар «фуқаро» сўзини «ватандош»га алмаштирсак, бу хорижда яшовчи миллатдошларимизни қандай аташимиз керак?

Қолаверса, шу битта атамани бошқасига алмаштириш қанча молиявий маблағ талаб қилади. Паспортни ўзгартиришни айтмаганда ҳам ўн минглаб, балки юз минглаб қонун ҳужжатлари қайта ишланиши ва қайта нашр этилиши керак бўлади. Кимдир «паспорт» деган сўзни ҳам алмаштириш керак деб қолса-чи?

Умуман олганда, «фуқаро» атамаси атрофида кўтарилаётган баҳс-мунозаралар ортиқча. Қимматли вақтимиз ва қобилиятимизни жамият ҳаёти учун фойдали бўлган муҳим масалалар муҳокамасига сарфлашимиз мақсадга мувофиқдир.

Анвар Эминов,

журналист