English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Форишда тадбиркорлик ривожланмоқда
09:45 / 2023-08-04

Жиззах вилоятида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар давлатимиз раҳбари билан бўлажак учрашувга астойдил ҳозирлик кўрмоқда.

Жумладан, энг олис ҳудудлардан бири бўлган Фориш туманида тадбиркорлар сони йилдан йилга кўпаймоқда. Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида туманда жами 306 янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Кези келганда, тадбиркорликни ташкил этишда тумандаги 25 маҳаллада фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчиларининг ҳам ҳиссаси катта бўлмоқда. Ўтган олти ой давомида ҳоким ёрдамчилари тавсияларига асосан 1 минг 564 нафар фуқарога 30 миллиард 300 миллион сўм имтиёзли кредит, 75 нафар фуқарога 340 миллион сўм субсидия ажратилди.

Жумладан, туманнинг 4-сектор ҳудудидаги “Хонбанди” маҳалла фуқаролар йиғинига тайинланган ҳоким ёрдамчиси Диёр Ботиров ва маҳалла мутасаддилари томонидан “Аёллар дафтари” га киритилган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, улар оилалари фаровонлигини ошириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 23 февралдаги “Касаначиликни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан “Аёллар дафтари” га киритилган хотин-қизларни иш билан таъминлаш мақсадида касаначилик йўналишида 52 миллион сўм субсидия маблағлари ажратилиб, тикув машиналари харид қилинди. 

Маҳаллада бўш турган бинода “Jasmina for tеx” масъулияти чекланган жамияти томонидан тикув цехи ташкил этилди. “Хонбанди” МФЙда яшовчи “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар тикувчилик йўналиши бўйича ўқув курсларида ўқитилиб, ушбу цехга ишга жойлаштирилиши натижасида 20 нафар хотин-қиз доимий иш ўрни билан таъминланди. Айни пайтда, бандлиги таъминланган хотин-қизлар даромад топиб, оилалари фаровонлигини таъминлаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.

Бугунги кунда туманнинг энг узоқ ва чекка маҳаллаларида ҳам янги иш ўринлари яратиш, вақтинча иш билан банд бўлмаган аҳолини тадбиркорликка йўналтириш, иш билан таъминлаш, қолаверса ўзини ўзи банд қилиш борасида туманда аниқ чора-тадбирлар асосида иш олиб борилмоқда.

А.ҚАЮМОВ, 
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА