
“Оlx.uz” га ёлғон эълон жойлаб фирибгарлик билан шуғулланган шахс қўлга олинди. Бу ҳақида Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази хабар берган.
Жиззах вилоятида истиқомат қилувчи 28 ёшли Р.Б. “Оlx.uz” веб-саҳифаси орқали берилган эълон рост ёки ёлғонлигини охирига етмай, ижарага уй олиш мақсадида номаълум шахс ҳисобига олдиндан тўлов сифатида 700 минг сўм пул ўтказиб берган. Бироқ, у кўрсатилган манзилга борганида алданганини тушуниб етган.
Шундан сўнг Р.Б. ички ишлар органига ариза билан мурожаат қилиб, “Оlx.uz” веб-саҳифаси орқали эълон бўйича номаълум шахс билан гаплашиб, алданиб қолганини маълум қилган.
Мутасадди ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу жиноятни Тошкент шаҳар Юнусобод туманида яшовчи 22 ёшли С.С. эълонлар веб-саҳифасига сохта эълон жойлаган ҳолда амалга оширганлиги аниқланди.
Республика ИИВ Киберхавфсизлик марказидан маълум қилишларича, С.С. бу қилмиши учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилган.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА