
Фирибгарлик – бугун кундалик ҳаётимизда энг кўп кузатилаётган жиноят турларидан бири саналиб, ундан фуқароларимиз доимо огоҳ бўлишлари лозим.
Бу борада Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти билан ҳамкорликда жойларда тезкор тадбирлар ўтказилди.
Хусусан, Андижон вилоятидаги инжиниринг компания ходими ушбу компания буюртмачилиги асосида давлат дастури доирасида кам таъминланган оилалар учун қурилган кўп қаватли арзон уй-жойлардан 2 та хонадонни маҳаллий фуқаро номига расмийлаштириб, ушбу хонадонлар учун банкдан имтиёзли кредит ажратилишида ёрдам бериш эвазига 17 минг 800 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Наманган вилоятининг Давлатобод туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса ўзини гўёки Давлат хавфсизлик хизмати ходими дея таништирган, муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ содир этган жиноятлари учун бир неча бор судланган шахс маҳаллий фуқародан 5 минг 500 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Аниқланишича, у мазкур фуқаронинг танишига нисбатан тайинланган 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини, бошқа енгилроқ жазо турига ўзгартириб беришни ваъда қилган.
Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда адвокатлик фирмаси адвокати ички ишлар органлари томонидан Жиноят кодексининг 2511-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши бўйича ўзининг ҳимоясида бўлган фуқарони, танишлари орқали жиноий жавобгарликка тортмаслик масаласини ижобий ҳал қилиш эвазига 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Тошкент вилоятида қайд этилган ҳолатда Олмалиқ шаҳар адлия бўлими ходими маҳаллий фуқарони Олмалиқ кон металлургия комбинатига ишга киришида ёрдам бериш эвазига 4 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Шунингдек, ушбу ноқонуний ишга алоқадор бўлган Олмалиқ шаҳридаги мактабгача таълим ташкилоти мудираси ҳам ушланди.
Самарқанд вилояти Иштихон тумани ирригация бўлимининг мансабдор ходими эса маҳаллий фермер хўжалик раҳбарига хўжаликнинг ўз ҳисобидан жорий этилган томчилатиб суғориш технологияси учун сарфланган маблағларнинг бир қисми давлат томонидан қопланишини маълум қилиб, унга 360 миллион сўм миқдорида субсидия маблағи ажратилишида ёрдам бериш эвазига 3 минг 500 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА