English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фармон ва шарҳ: коррупция ҳолатлари устидан жамоатчилик назорати янада ошади
15:38 / 2023-12-06

У ишга кира олмаётганига сиқилади. Яна бошқаси банк имтиёзли кредит бермаётганидан тажанг. Кимдир тадбиркорлиги учун ер ажратилмаётганига ҳокимиятдан норози. Талаба эса ўқитувчиси баҳо қўймаётгани учун хафа.

Танишлар жам бўлган дастурхон атрофидаги суҳбатларнинг шуниси қизиқ – бир мавзу кўтарилдими, ҳамма шу “оҳанг”га мос ҳолатларни топиб гапираверади. Шу дамда давранинг сал ёши каттароғи барча “мос” келадиган, масалаларга битта ечим келтиради.

– Еган оғиз уялади, – дейди даврабоши пиёладаги чойдан бир ҳўплаб. – Соққасини бер, ишни тез битир! Нима, олмайди деганинг нимаси? Олмайдиганлар йўқ, сенга ўхшаган беролмайдиганлар бор.

Даврада енгил кулги кўтарилади...

Бу каби суҳбатлар қулоққа чалинар экан кишида беихтиёр савол туғилади. Жамиятда порахўрлик ва тамагирлик шу қадар “бепарда” мавзуга айландими? Аслида қарс икки қўлдан чиқади. Одамлар кимгадир пора беришга, шунчаки, иштиёқманд эмас. Баъзи мансаб ва ваколатга эгалар борки, текинга офтобга чиқмайди. Ёнига келганни пора беришга мажбур қилади.

Коррупцион ҳолатлар барча даврларда, турли даражада мавжуд бўлган. Унга қарши замонига мос тарзда курашилган. Бугун эса бу иллатга ҳамжиҳатликда ғов бўлиш, жамоатчиликнинг бирлашиши энг самарали ечим саналади.

Президентимизнинг 2023 йил 27 ноябрда “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони эълон қилинди. Ушбу ҳужжат мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган ишларнинг натижадорлигини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, муҳим ижтимоий масалаларга оид очиқ маълумотлар кўламини янада кенгайтириш, улардан тўсиқларсиз фойдаланишни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

– Бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди, – дейди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов. – Аҳамиятлиси, бу ишлар босқичма босқич, тизимли тарзда амалга ошириляпти. Хусусан, 2017 йилдан буён шундай тизим яратилди. Бу борада ҳар икки йилда қабул қилинадиган давлат дастурини амалга ошириш белгилаб берилди. Шу кунгача ана шундай дастурларнинг учтаси қабул қилинган. Янги фармон билан муҳим дастурнинг навбатдагиси тасдиқланди. Бу ҳужжатнинг қабул қилинишида аҳолини қийнаб келаётган турли хил қоғозбозликлар, талон-торожлик, баъзи давлат идораларидаги очиқликнинг таъминланмаганлиги каби камчиликларни ҳал қилишга эътибор қаратилган.

Фармонга биноан коррупцион жиноятларнинг олдини олиш бўйича янги тизим жорий этилади. Унга кўра ҳар чоракда, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат органлари ва ташкилотлари кесимида содир этилган коррупцияга оид жиноятларни таҳлил қилади. Ушбу жиноятлар кўрсаткичи ошган давлат органлари ва ташкилотларига кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар белгилаш учун агентлик ходимлари иштирокида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиб борилади. Ҳар ярим йилда жиноятларнинг олдини олиш ҳамда уларга имкон берган омилларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишларида тегишли давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарлари иштирокида танқидий муҳокама қилиб борилади.

– Фармон билан коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023-2024 йилларга мўлжалланган дастур тасдиқланди, – дейди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими Нодира Самандарова, – Унда тўққизта йўналиш бўйича ўттиз банддан иборат вазифалар белгилаб берилган. Унга кўра, эндиликда очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати янги маълумотлар билан тўлдирилмоқда. Булар ҳудудлар кесимида “Ҳаж” тадбирига бориш учун навбатда турган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбати тўғрисидаги маълумотлар, болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш учун берилган аризалар навбати тўғрисидаги маълумотлардир. Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларида давлат харидларини амалга ошириш тартиб-таомилларини белгиловчи харид комиссиясининг ички идоравий тартиби ҳам шу тоифага киради.

Марказий, ҳудудий ва тизим ташкилотларида бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари, номзодларга қўйиладиган талаблар ва тақдим қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар ҳам очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилади.

Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларга тақдим этилган грант ва ижтимоий буюртма лойиҳалари ҳақидаги маълумотлар, шу жумладан, ғолиб бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда уларнинг буюртма доирасида бажарган ишлари юзасидан ҳисоботлари ҳақидаги маълумотлар эълон қилинади. Бу нимани англатади? Бундай маълумотларнинг очиқ эълон қилиниши ушбу жараёнларда иштирок этувчи тадбиркорлик субъектларининг жараён билан эркин танишиш имконини яратиб беради.

Эндиликда фалсафа доктори ва фан доктори илмий даражасини олиш учун илмий кенгаш томонидан ўтказиладиган диссертация ҳимояси, ўрта-махсус ва профессионал таълим муассасаларининг тест синовлари ҳамда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонлари, олий таълим муассасалари базасидаги ҳарбий таълим факультетларига қабул қилишдаги саралаш танловларининг бир қатор босқичлари интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатиш тартибини жорий этилади.

Сир эмас, кўп ҳолларда баъзи давлат идоралари томонидан тақдим қилинган ишонч телефон рақамлари иш ҳолатида бўлмайди. Қўнғироқ қилинганида ҳеч ким жавоб бермайди. Энди бу каби ҳолатлар ҳам назоратга олинади. Коррупцияга қарши курашиш агентлигига давлат органлари ва ташкилотларининг қайта алоқа тизими самарадорлиги даражасини баҳолаш мақсадида “Қайта алоқанинг сирли мижози” тадбирларини ташкил этиш вазифаси юклатилди. Бунда давлат органлари ва ташкилотларидаги ишонч телефонларининг ҳамда уларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинган телефон рақамларининг доимий равишда ишчи ҳолатдалиги текшириб турилади.

Коррупцияга қарши кураш тизимининг янги босқичга кўтарилаётгани қувонарли. Унинг самараси соҳага масъул идоралар ва жамоатчилик фаоллигининг уйғунлашганида ҳам кўринади.

Икром АВВАЛБОЕВ, 

ЎзА мухбири