
Фарғона шаҳрида барпо этилаётган экошаҳардаги “Янги Ўзбекистон” боғида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида оммавий кўчат экиш тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят секторлари раҳбарлари, ташкилот ва идоралар, ёшлар, жамоатчилик вакиллари, экология ҳамда ободонлаштириш соҳаси ходимлари иштирок этди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, кўчат экиш каби эзгу ишларга ҳар бир юртдошимиз ўз ҳиссасини қўшиши лозимлигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда кенг қулоч ёзган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида куз мавсумида Фарғона вилоятида 5 миллион 747 минг дона кўчат экиш белгиланган бўлиб, ҳозирги кунга қадар 4 миллион 437 минг дона кўчат экилиши таъминланди.

Вилоят бўйлаб автомобиль йўллари ёқасига, дала майдонлари четларига, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектлари, маҳаллалар, ижтимоий муассасалар ҳудудларига манзарали ва мевали кўчатлар ўтқазилди. Вилоятнинг 19 та шаҳар ва туманларида 40 та яшил боғлар ташкил этилди. Режалаштирилган кўчат экиш тадбирлари 1 декабрга тўла якунланади.
М.Сулаймонов, ЎзА