English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада кутубхоналар фонди бойиб, хизматлар ривожланмоқда
12:42 / 2023-11-20

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси

Ёшларнинг бахту камоли, осойишта ва фаровон ҳаётида китобнинг алоҳида ўрни бор. Чунки яхши китоб инсонда Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини юксалтириб, яхшилик ҳамда эзгуликка ундайди. Шу боис мамлакатимизда китобхонликни ривожлантириш, зиё масканлари сонини кўпайтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.  

“Ўзбекистон-2030” стратегиясида ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналарини кенг оммалаштириш, жамиятда китобхонликни ҳамда аҳолига ахборот-кутубхона хизматини кўрсатишни ривожлантириш мақсадининг белгилангани ҳам маънавият ва маърифатга бўлган юксак эътибор ифодаси бўлди. Мазкур саъй-ҳаракатлар натижасида китобхон ёшлар сонини 5 миллион нафарга етказиш, ҳар йили 100 та энг яхши бадиий асар ҳамда болалар ва ўсмирларга мўлжалланган 50 та бадиий китоб яратиш, «Ўзбек адабиёти хазинасидан» кўп жилдлик, «Жаҳон болалар адабиёти дурдоналари» 100 жилдлигини ўзбек тилида нашр қилиш, 40 миллионга яқин китоб фондини рақамлаштиришга эришилади.  

Дарҳақиқат, аҳоли ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида мутолаа маданиятини янада оширишда кутубхоналарнинг ўрни беқиёс. Ўзининг вазифалари ва мазмунига кўра, бизнинг кутубхоналаримизда китобхонлар билан ишлашнинг ўзига хос йўналишлари мавжуд.  Президентимизнинг 2019 йил 7 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори асосида Миллий кутубхона қошида 186 та туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказлари ташкил этилди. Жумладан, Фарғона вилоятида 18 та туман ва шаҳар ахборот-кутубхона маркази фаолият кўрсатмоқда. 2019-2022 йиллар мобайнида ахборот-кутубхона марказларининг фондларини бойитиш мақсадида кўплаб ижобий ишлар олиб борилди. 1 миллиард 476 миллион 35 минг маблағ эвазига 44 минг 553 нусха китоб сотиб олинди. Биргина Данғара туман ахборот-кутубхона маркази фондини янги адабиётлар билан бойитиш учун Фарғона вилоят ҳокими фармойишига асосан 10 000 дона адабиётлар учун 429 миллион сўм маблағ ажратилди.  

Кўп китоблар жойини тўғри аниқлаш, ҳар бир китобхон учун энг яхши ва керакли китобни топа олиш ва китобхонларга аъло даражада хизмат кўрсатиш кутубхоначидан махсус билим, катта меҳнатни ва ўз ишини севишни талаб этади.  АКМ кутубхонаси ахборот ресурсларидан бугун барча максимал даражада фойдалана олишини таъминлашга, кутубхонанинг ноёб жамғармасини келгуси авлод учун сақлашга интилмоқда.  

Туман-шаҳар ахборот-кутубхона марказларини жойлаштириш ва уларнинг тўлақонли фаолият юритиши учун биноларни белгиланган тартибда ажратиш ва уларни капитал таъмирлаш мақсадида  ўтган 4 йилда  9,3 миллиард сўм маблағ ажратилди. Данғара, Ёзёвон, Ўзбекистон туманларида кутубхона учун янги бино қуриб битказилди ва фойдаланиш учун топширилди. Қува, Қўштепа, Учкўприк туманларида эса капитал таъмирланди.  

Айниқса, Данғара туманида қад кўтарган кутубхона бугун барчанинг қадрдон масканига айланган. Бу ерда фойдаланувчилар учун барча қулай шароит яратилиб, замонавий комьпютерлар билан жиҳозланган. Ўқув залларида ва бошқа умумий фойдаланиладиган хоналарида имконияти чекланган шахслар тўсиқсиз фойдаланиши учун барча зарур шароитлар бор. Ушбу кутубхона бошқа янги қурилаётган туман кутубхоналари учун намуна сифатида кўрсатилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги томонидан Қўқон шаҳрида жойлашган Амирий номидаги кутубхона замонавий тарзда таъмирланди. Қадимдан алоҳида адабий муҳитга эга бўлган Қўқон шаҳри аҳолисига ушбу маскан муносиб совға бўлди.  

Бугун кутубхона – бу фойдаланувчилар учун барча қулай шароитлар яратилган таълим ва мулоқот маркази, турли инсонлар учрашадиган жой. Кутубхоналарда доимий равишда китоб ва мутолаани тарғиб қилувчи турли тадбирлар ўтказиб борилади, акция, машҳур кишилар билан учрашувлар, бадиий кечалар, турли-туман кўргазмалар шулар жумласидандир. АКМлар томонидан бир қанча лойиҳа ва турли акциялар ўтказилиб келинмоқда. 2022 йил давомида жами 100 дан ортиқ янги лойиҳа ишлаб чиқилган бўлиб, жорий йилда лойиҳалар янада бойитилмоқда.  

АКМлар виртуал оламда ҳам ўз ўрнига эга, тelegram, facebook, instagram ижтимоий тармоқларида ҳам саҳифалари бўлиб, китобхонлар учун онлайн хизмат ташкил этилган.“Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида ҳам ахборот-кутубхона марказлари моддий-техник базасининг бойитиш таклифлари ғолиб бўлаётганини ҳам алоҳида эътироф этиш лозим. Ҳозир вилоят ахборот-кутубхона маркази 600 миллион сўмлик, Амирий номидаги Қўқон ахборот-кутубхона маркази 150 миллион сўмлик жиҳозлар билан таъминланди. “Ташаббусли бюджет” жараёнларининг 2023 йил 1-мавсумида иштирок этиб, ғолиб деб топилган таклифлар қаторидан Бағдод тумани ахборот-кутубхона маркази биносини барпо этиш лойиҳаси ҳам ўрин олди. Лойиҳани амалга ошириш учун давлат бюджетидан 1,2 миллиард сўм маблағ ажратилди ва ҳозирги кунда замонавий бино фойдаланиш учун топширилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 2023 йил Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят Ахборот-кутубхона маркази учун муҳим воқеа сифатида муҳрланмоқда. Айни кунларда кутубхонамизда 13 миллиард сўмликдан ортиқ маблағ ҳисобига капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бу ерда китобхонлар учун барча шароит яратилади.  Китобхонлик инсон тафаккурини бойитади, уни эзгу мақсадларга чорлайди. Жамият билан ҳамнафас, ҳамқадам фойдаланувчига сифатли хизмат кўрсатиш бизнинг энг олий мақсадимиздир.

Ҳуснияхон Шерматова,

Аҳмад Фарғоний номидаги Фарғона вилояти ахборот-кутубхона маркази директори.

ЎзА