Учкўприк туманидаги енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, логистика ва савдо комплексининг иккинчи босқичи ишлари якунланмоқда.
Мажмуанинг мазкур босқичи бўйича қиймати 55,1 миллиард сўмлик лойиҳа асосида 2 қаватли 216 та савдо дўкони ҳамда 230 та савдо шохобчаси, хом ашё омбори, тайёр маҳсулот омбори барпо этилиши режалаштирилган бўлиб ҳозирги кунда қурилиш ишлари ниҳоясига етмоқда.
[gallery-10482]
Вилоят ҳокими Хайрулло Блзоров олиб борилган ишларни кўздан кечириб, ҳудудни янада ободонлаштириш, тадбиркорларга ва фойдаланувчиларга қулайликлар яратиш юзасидан бир қатор кўрсатмалар берди. Тадбиркорлар билан мулоқот давомида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни хориж бозорларига, хусусан, Европа бозорларига олиб кириш чора-тадбирларини кўриш, ҳамкорлар қидириш, чет эл тажрибасини ўрганиш бўйича тавсиялар берди. Бунинг учун уларга зарур бўлса яқиндан амалий кўмак кўрсатилишини таъкидлади.
Мазкур мажмуанинг биринчи босқичида 159,2 миллиард сўм ҳисобига 358 та ишлаб чиқариш цехлари қурилган эди.
***
Фарғона шаҳридаги 300 гектар майдонда 40 минг аҳолига мўлжалланган экошаҳар қурилмоқда.
Айни кунда 73 та кўп қаватли уйлар, 3 та мактабгача таълим муассасаси, 2 та мактаб, битта шифохона, 4000 ўринли амфитеатр қурилиши давом этмоқда. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров масъуллар ва қурувчилар билан суҳбатлашиб, ҳар бир объект бўйича қурилиш ишларининг боришини бирма бир жойида муҳокама қилди.
Қурилиш ишларини белгиланган муддатларда амалга оширилишини таъминлаш, бунда замонавий технологиялардан ва қурилиш услубларидан самарали фойдаланиш зарурлиги қайд этилди. Баъзи қурилиш ташкилоти раҳбарларининг банк кредити олишга кўмаклашиш билан боғлиқ мурожаатлари ижобий ҳал этилди.
Хайрулло Бозоров вилоят қурилиш соҳаси мутасаддиларига барпо этилаётган объектларнинг мустаҳкамлиги, хавфсизлиги, сифати ва фойдаланишда ишончлилигини таъминлаш учун қурилиш назоратини янада кучайтириш бўйича алоҳида топшириқ берди.
***
Фарғона шаҳар “Машъал” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўп қаватли уйнинг ертўла қисмида микроорганик ўсимликларни етиштириш кооперацияси ташкил этилди.
Эътиборлиси, 60 квадрат метр жойда Тоҳиржон Абдусаматов томонидан 15 та янги иш ўрни яратилган ва ишчиларга тўланган ойлик маошлардан ташқари тадбиркор ойига 500-600 доллар даромад олмоқда.
Тайёр маҳсулотлар маҳаллий кафе, ресторан, супермаркетларга, шунингдек, Тошкент шаҳри, Бухоро ва Самарқанддаги харидорларга етказиб берилмоқда. Лойиҳа қиймати 250 миллион сўм бўлиб, шундан 150 миллион сўм тадбиркорнинг ўз маблағи, 100 миллион сўми эса имтиёзли кредит ҳисобига тўғри келади. Ҳозирда 30 турдаги микрокўкатлар етиштирилмоқда. Уларнинг 15 турдаги уруғлари маҳаллий, қолгани Европа давлатларидан келтирилмоқда.
М.Сулаймонов, ЎзА
М.Қодиров олган сурат