
Бугун Молия вазирлигида “Ташаббусли бюджет” жараёнлари бўйича амалга оширилган ишлар ва натижалар асосида молия бўлими ходимларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда молия вазири Тимур Ишметов “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси бўйича 2022 йилдаги натижаларга тўхталар экан, ушбу жараёнларда аҳолининг фаол иштирок этгани ва ушбу лойиҳа уларнинг эҳтиёжини қондиришда муҳим аҳамият касб этаётганини қайд этди.
– “Ташаббусли бюджет” жараёнлари бўйича ижобий натижалар бўлгани боис давлатимиз раҳбари топшириғига асосан кейинги йилда ҳам бюджетдан бир неча баробар ортиғи билан маблағ ажратилиши кўзда кутилган. Бундан ташқари, 2023 йилдан бошлаб “Обод маҳалла” ва “Обод маҳалла” дастурлари ҳам “Ташаббусли бюджет” орқали шакллантирилади. Албатта, бу жараённи тизимли ва натижали амалга оширишда ҳудудлардаги бўлим ходимларининг алоҳида ўрни борлигини таъкидлаш лозим, – деди ўз сўзида Т.Ишметов.
Шундан келиб чиқиб, ушбу тадбирдан кўзланган мақсад “Ташаббусли бюджет” жараёнларини самарали ташкил этишда молия бўлими ходимларини қўллаб-қувватлаш ҳамда шахсий жавобгарликни янада кучайтиришга қаратилган.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 апрелдаги “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросига эътибор қаратилиб, ҳудудларда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида бажарилган ишларга кенг ўрин берилди.
Таъкидлаш керакки, вазирлик томонидан «Очиқ бюджет» портали ишга туширилиб, унда “Ташаббусли бюджет” бўлими яратилган. Мазкур бўлим иши “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси аҳолининг бюджет маблағлари аниқ қисмларини сарфлаш мақсадида ташаббусларни илгари суриши орқали маҳаллий бошқарувда тўғридан-тўғри иштирок этишига қаратилган.
Айтиш жоизки, 2022 йилда ушбу мақсадлар учун йўналтириладиган маблағлар миқдори 4 баробарга оширилди. Яъни туман, шаҳарларда тасдиқланган бюджетларнинг 5 фоизининг ўзи 1,5 триллион сўмдан ортиқроқни ташкил этди. Қўшимча манбаларнинг 30 фоизи ҳам “Ташаббусли бюджет” учун йўналтирилади. Амалдаги тамойилга кўра, ташаббусли бюджет жараёнлари ҳар йили икки марта, 3 босқичда амалга оширилади. Ҳар бир мавсумнинг биринчи босқичида фуқаролар ўз таклифларини илгари суришади, иккинчисида билдирилган таклифлар модерация жараёнидан ўтказилади. Учинчисида сараланган таклифлар овоз бериш жараёнига қўйилади.
Тадбир якунида Молия вазирлигининг ҳудудларда фаолият кўрсатаётган ходимларидан бир гуруҳи “Ташаббусли бюджет” жараёнларича эришилган натижалардан келиб чиқиб, “Энг фаол тарғибочи”, “Энг шаффоф ҳудуд”, “Энг яхши модератор” ва “Энг намунали ҳудуд” йўналишларида тардирланди.
Тақдирлаш маросимида "Энг яхши модератор" йўналиши бўйича ғолиби Лазизбек Қосимовдан интервью олдик.
- "Ташаббусли бюджет" жараёни халқимиз, айниқса, маҳалла тизимидаги муаммоларни ҳал қилишда энг яхши лойиҳадир. Масалан, бу йилнинг иккинчи мавсумида кўприк қурилиб фойдаланишга топширилди. Бу кўприк туман аҳлининг кўп йиллик орзуси эди. Албатта, бу каби мисолларни кўп келтириш мумкин. Менга Молия вазирлиги томонидан берилган "Энг яхши модератор" йўналиши бўйича ғолиблик, ўзимга ва жамоамизга билдирилган катта ишонч ва масъулиятдир, - деди Л.Қосимов.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири