English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эркинжон Турдимов: “Инсоннинг бахтли ва фаровон яшаши учун кўп нарса керак эмас”
10:54 / 2022-09-01

Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги Самарқанд вилояти шаҳар ва туманларида ҳам кенг нишонланмоқда.

Асосий байрам тантаналари кеча Самарқанд шаҳридаги “Мўъжиза” амфитеатрида ўтказилди. Тантанали маросим аввалида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов тадбир иштирокчилари ва вилоят аҳлини байрам билан табриклади. 

– Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, илгари сурилаётган ғоя ва ташаббуслар замирида, аввало, инсон қадри, инсон манфаати устувор, – деди вилоят ҳокими. – Ислоҳотларнинг самараси кўз ўнгимизда яққол намоён бўлмоқда. Шаҳар ва қишлоқларимиз йил сайин янги қиёфага кириб, аҳолининг турмуш фаровонлиги яхшиланмоқда.

Халқимизда уйи борнинг ўйи йўқ, деган гап бор. Айни шу йўналишда кейинги йилларда вилоятимизда аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида ҳар йили юзлаб янги уй-жойлар қурилмоқда. Биргина 2022 йилда аҳолининг муҳтож қатламини арзон уй-жойлар билан таъминлаш дастурларига мувофиқ, 4 минг 420 хонадонли 90 та кўп қаватли уй бунёд этилмоқда. Ипотека дастурлари доирасида 14 та массивда 3 минг 126 хонадонли уй-жойлар қурилиши жадал суръатларда олиб борилмоқда. Ана шу ишлар самарасида йил бошидан буён 208 нафар хотин-қиз ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ва меҳрибонлик уйларининг 40 нафар тарбияланувчилари уй-жой билан таъминланди. 

Вилоят ҳокими яқинда Самарқандда ўтказиладиган нуфузли халқаро тадбир – Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги саммитида вилоят аҳли ўзининг юксак маданияти, маънавияти ва ташкилотчилигини кўрсатишига ишонч билдирди. 

[gallery-8622]

– Аслида инсоннинг бахтли ва фаровон яшаши учун кўп нарса керак эмас, – деди ўз сўзи давомида Э.Турдимов. – Юртда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, меҳнат қилиб, ризқ топиш учун шароит яратиш, ҳар бир инсонга ўз куч ва салоҳияти, иқтидорини намоён этиши учун имконият бериш лозим. Бугун оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоғи орқали дунёнинг деярли кўп жойларида, нотинчликлар содир бўлаётгани, у ёки бу кўринишдаги инқирозлар кузатилаётганидан хабардор бўлиб турибмиз.

Яратганга шукрки, тинчлик-хотиржамлик ҳукм сураётган Ўзбекистонда давлат ўзининг зиммасидаги вазифаларни бажариб, аҳоли учун барча имкониятларни кафолатлаб қўйди. Ҳар бир инсон ўзига муносиб меҳнат фаолияти билан шуғулланиши мумкин.

Тадбир спортчилар, ёш истеъдод эгаларининг чиқишлари, таниқли санъаткорларнинг Ватанни, тинчликни тараннум этувчи куй-қўшиқлари билан давом этди.

 

Ғ.Ҳасанов, 
А.Исроилов (сурат), ЎзА