English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эркинжон Турдимов: “Аслида энг қийин, мураккаб вазифа – бу маҳалла раиси, фаолларининг иши”
20:21 / 2023-03-22

Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан Самарқанд шаҳрида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов маҳалла тизими ходимларини табриклаб, уларнинг меҳнатини алоҳида эътироф этди.

– Бугунги кунда вилоятда 1126 маҳалла мавжуд, – деди Э.Турдимов. – Ушбу фуқаролар йиғинларидаги “бешлик” томонидан ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва обод масканга айлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, бандликни таъминлаш, ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва бошқа йўналишларда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган йил маҳалла тузилмаси ўзгарди, янгича иш тизими йўлга қўйилди. Ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли маҳалла раисининг яқин кўмакчиси бўлди, уларнинг ҳамкорлиги қисқа фурсатда ўз самарасини бера бошлади. Аслида энг қийин, мураккаб вазифа маҳалла раиси, фаолларининг иши. Чунки улар хонадонма-хонадон юриб, одамлар билан муомала, муносабат қиладиган киши, уларнинг дарду ташвишидан бохабардирлар. Улар ўз ишини аъло даражада бажарар экан, ўша ҳудудда яхши натижаларга эришиш мумкин.

Тадбирда маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан Президентимиз томонидан табрик йўллангани ҳамда бир гуруҳ юртдошларимиз давлат мукофотлари билан тақдирлангани таъкидланди.

Жумладан, Самарқанд вилоятидан тўрт нафар маҳалла фидойилари орден ва медалларга сазовор бўлди. Тантанали тадбирда ушбу мукофотлар ўз эгаларига топширилди. Шунингдек, вилоятда маҳаллалар ишини ривожлантириш борасидаги хизматлари учун бир гуруҳ самарқандликларга “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони топширилди.

– Бугун маҳалла тизимида аҳолига ёрдам бериш имконияти кўпайди, – дейди Қўшработ туманидаги “Соҳибкор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси, “Дўстлик” ордени соҳиби Шуҳрат Сайфуллаев. – Бизнинг маҳаллада шу пайтга қадар асфальт кўчанинг ўзи йўқ эди, шағал тўшалган йўл бўлса қанийди, дердик. Ўтган йили 2,5 километр йўл асфальт қилинди. Боғча йўқ эди, кейинги йилларда тўртта оилавий боғча, битта 60 ўринли давлат боғчаси қад ростлади. Маҳалламизнинг биноси ҳам ўтган йили ҳомийлар ёрдамида қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу каби эзгу ишлар ҳамон давом этмоқда.

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА