
Бухорода ер тўғрисидаги қонун бузилиши ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгашининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.
Кенгашнинг аъзолари, вилоят ҳокими ўринбосарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, тегишли бошқарма бошлиқлари, ишчи гуруҳ аъзолари қатнашган тадбирни вилоят ҳокими Б.Зарипов бошқарди.
Йиғилишда маҳаллий вакиллик ва ижроия ҳокимияти органларининг ер ажратиш тўғрисидаги қарорларини хатловдан ўтказилиши аҳволи танқидий муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокимининг соҳавий ўринбосарлари, туман (шаҳар) ҳокимлари ва бошқа мутасадди раҳбарларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер майдонларини аукцион савдоларига чиқаришда шахсий жавобгарликни ошириш, савдога бўш турган ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ерларни қўйилганлиги ҳолатини ўрганиш тўғрисида топшириқлар берилди.
Ерга оид қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан жойларда ер ва кадастр назоратчилари томонидан аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари ҳамда уларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, Президентнинг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида ўтказилган мониторинг ўрганишлар натижасида жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида вилоят бўйича 685 та ҳолатда 124 гектар ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари аниқланди.
Ердан фойдаланиш бўйича қонун бузилиш ҳолатлари таҳлил этилганда 263 та ҳолатда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 97,89 гектар, 411 та ҳолатда аҳоли пунктларидаги 25,78 гектар, 5 та ҳолатда эса саноат, транспорт, алоқа мудофаа ва бошқа мақсадларда фойдаланиладиган 0,03 гектар ер майдонлари ноқонуний жисмоний ва юридик шахслар томонидан эгаллаб олинганлиги маълум бўлди.
Бундай қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш, қонун бузарларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўриш бўйича ҳам зарур ишлар олиб борилди. Жумладан, ғайриқонуний ҳаракат қилган фуқаролар ҳамда ваколатли идораларга огоҳлантириш хатлари юборилиб, қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди. 151 та ҳолат натижасида ўзбошимчалик билан эгалланган 44,01 гектар ер майдони дастлабки ҳолатига қайтарилди. Шунингдек, ўзбошимчалик билан эгалланган 27,42 гектар ер майдонидаги ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш бўйича судларга 427 та даъво аризалари киритилган. Шундан 220 та ҳолатда 17,8 гектар ер участкаларини қайтариш бўйича киритилган даъво аризалари судлар томонидан қаноатлантирилган.
Бундан ташқари, маъмурий амалиёт, яъни фуқароларнинг ўзларига тегишли ер майдонларини ўз вақтида давлат рўйхатидан ўтказмаслик, ерлардан бошқа мақсадларда фойдаланиш сингари йўналишлар бўйича жорий йилнинг ўтган даврида қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган фуқароларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилди.
Кадастр агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси туман шаҳар бўлимлари томонидан 1905 та ҳолатда маъмурий жарималар қўлланилган. Жумладан, қўлланилган жарималарнинг аксарияти ер участкалари ҳамда бино иншоотларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказмаслик ҳолатлари бўлиб, ушбу ҳолатда жами 1285 тада ҳуқуқбузарлик аниқланган.
Йиғилишда туман (шаҳар) сектор раҳбарлари, барча ҳоким ёрдамчиларига жорий йилнинг 1 декабрь кунига қадар хатловни тўлиқ якунлаш ҳамда бу жараёнда рўйхатдан ўтказилмаганлиги аниқланган қарорларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича аниқ вазифалар юклатилди. Ижроси прокуратура органлари назоратига олинди.
Зариф Комилов, ЎзА