
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қарши шаҳридаги Маънавият масканида “Ижодий-маданий масалалар бўйича энг фаол тарғиботчи” Республика танловининг Қашқадарё вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Қайд этиш лозим, бугунги кунда Қашқадарё вилоятидаги 1204 та умумтаълим мактабида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар фаолият кўрсатмоқда.
Республика Маънавият ва маърифат маркази, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан эълон қилинган “Ижодий-маданий масалалар бўйича энг фаол тарғиботчи” Республика танлови эса ўқувчилар қобилиятини рўёбга чиқариш, ижодий тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш, китобхонлик муҳитини яхшилаш, адабиёт ва санъатга ихлосманд ўқувчилар ижод намуналарини кенг тарғиб этишда фаоллик кўрсатган энг яхши тарғиботчиларни аниқлаш ва рағбатлантиришга қаратилган.
[gallery-6908]
Танловнинг туман, шаҳар босқичларида умумтаълим мактабларининг 800 нафарга яқин ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилари иштирок этди. Улар томонидан тегишли ҳакамлар ҳайъатига фаолияти акс этган ҳужжатлар, альбомлар, IT-маҳсулотлар тўплами тақдим қилинди. Фаолияти юқори баҳоланган 28 иштирокчи эса танловнинг вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Танловнинг вилоят босқичида иштирокчилар ўқувчиларни тўгаракларга жалб қилиш самарадорлиги, ижод мактаблари билан ҳамкорлик ишларини йўлга қўйиш, фаолиятнинг оммавий ахборот воситаларида ёритилиши, шахсий ижодий ютуқлари, шеърий, насрий ёки публицистик асарлари тўплам ҳолида нашр этилгани ва бошқа шу каби каби мезонлар асосида баҳолаб борилди.
Ҳакамлар хулосасига кўра, 1-ўрин Косон туманилик Жобир Исматиллаев ҳамда Касби туманилик Нигора Тоғаевага насиб этди. Энди улар танловнинг Республика босқичида Қашқадарё вилояти шарафини ҳимоя қилишади. Шунингдек, танловда 2-, 3 ва ўринлар ва турли номинациялар соҳиблари ҳам аниқланди.
Танловда ғолиб деб топилган тарғиботчилар мактабига 5 миллион (1-ўринга), 4 миллион (2-ўринга), 3 миллион (3-ўринга) сўмлик китоблар жамланмаси топширилди. Шунингдек, улар бир лавозим маоши миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат),ЎзА