English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экспортчи корхоналар маҳсулотлари халқаро талабларга мувофиқ синовдан ўтказиб келинмоқда
19:27 / 2023-09-26

Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати марказида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган ҳамда олиб кирилаётган маҳсулотларнинг синовини халқаро талаблар асосида ўтказиш бўйича замонавий лабораториялар ташкил этилди.

Мазкур марказ давлат муассасаси Синов лабораториялар фаолиятини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш бўлими бошлиғи Жаҳонгир Абдуқодиров соҳада амалга оширилаётган самарали ишлар хусусида фикр билдирди.

– Бугунги кунда  Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати марказининг 16 та ҳудудий филиали мавжуд.

Халқаро ташкилотлар (ISO, IEC, UNECE, EN, CODEX STAN) стандартлари, талаб ва меъёрларига мувофиқ маҳсулотлар синовини тўлиқ амалга оширадиган замонавий лабораториялардан иборат синов ва назорат комплекси, техник воситаларни электромагнит мослашувчанликка баҳолаш лабораторияси ишга туширилди.

Хусусан, Тошкент вилоятининг Пискент туманида Техник воситаларни электромагнит мослашувчанликка баҳолаш бўйича техник регламент ва халқаро талабларга мувофиқ синовларни ўтказиш йўлга қўйилди. Натижада саноат тармоқларининг машинасозлик ва электротехника йўналишидагикорхоналар учун жами 6075 та (2021 йилда 949 та, 2022 йилда 4344 та, 2023 йил тўрт ой давомида 782 та) синов баённомалари расмийлаштирилиб, ушбу маҳсулотлар мувофиқлигини баҳолаш йўлга қўйилди.

  Марказ ва унинг Андижон, Бухоро, Навоий, Наманган, Қашқадарё, Самарқанд ҳамда Хоразм филиаллари қошидаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини синаш лабораторияларига қиймати 
9,5 миллион доллар бўлган 336 дона замонавий ускуналар харид қилиниб, ишга туширилди.

Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини синаш бўйича 2000 дан ортиқ синов усуллари ўзлаштирилди ҳамда аккредитациядан ўтказилди. Синов учун олинган намуналарни лабораторияга етказиш бўйича логистика хизмати ишга туширилди. Натижада озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги саноат тармоқларидаги 1982 та экспортёр корхоналар маҳсулотлари синовини ўтказиш ҳамда олис туманда жойлашган корхона маҳсулотларини лабораторияга етказиш имконияти яратилди. Металл маҳсулотлар синовини тўлиқ ўтказишни таъминлаш мақсадида лабораторияларни модернизация қилиш учун Олмалиқ КМК ва “Ўзметкомбинат” АЖларининг 1,7 миллион евро беғараз маблағлари ажратилди.

Марказнинг Тошкент шаҳри лабораториясига 13 дона, Андижон ва Қашқадарё филиаллари лабораторияларига жами 29 дона замонавий ускуналар харид қилинди. Шунингдек, Тошкент шаҳрида қиймати 3.5 миллиард сўм бўлган лойиҳа асосида янги лаборатория биноси барпо этилди. Металл маҳсулотларининг физик-механик синовлари ҳамда кимёвий таркибини аниқлаш бўйича 30 дан ортиқ халқаро синов усуллари ўзлаштирилиб, машинасозлик ва қурилиш саноат тармоқларидаги 448 та экспортёр корхоналар маҳсулоти синовини ўтказиш имконияти яратилди. 14 та синов лаборатория Oʼz DSt ISO/IEC 17025:2019 стандарти бўйича аккредитациядан ўтказилди.

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида қиймати 3.5 миллиард сўм бўлган металл маҳсулотлари синов лабораториясининг янги корпусини қуриш ва уни замонавий жиҳозлар ҳамда бошқа моддий-техник воситалар билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда. Натижада металл маҳсулотларининг физик-механик синовлари ҳамда кимёвий таркибини аниқлаш бўйича 30 дан ортиқ халқаро синов усуллари ўзлаштирилиб, машинасозлик ва қурилиш саноатидаги 448 та экспортёр корхона маҳсулотлари синовини ўтказиш имконияти яратилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 14 июлдаги қарори асосида қиймати 5 миллион доллар бўлган “Юксалиш” кичик саноат зонаси ҳудудида полимер, енгил саноат, электр техникаси, кимё ва қурилиш маҳсулотларини халқаро талаблар асосида синов мажмуаси ташкил этилмоқда. Лойиҳа натижасида 15 та янги ишчи ўрни яратилади ҳамда водий вилоятларида фаолият юритувчи 12 мингдан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналарига, шундан 2 мингга яқин экспортёрларга, халқаро даражада синов хизматларини кўрсатиш орқали полимер, енгил саноат, электр техникаси, кимё ва қурилиш маҳсулотлари сифатини оширишга ҳамда миллий маҳсулотларнинг жаҳон бозорларига олиб чиқишга замин яратилади.

Тез кунларда Жанубий Кореянинг 2,3 миллион долларлик грант маблағи ҳисобига “Ўзбекистон Республикасида кондиционерларнинг энергия самарадорлигини баҳолаш синов лабораторияси ташкил этилади. Мамлакатимиз иқтисодиётининг энергия сарфи ҳажми ривожланган мамлакатларнинг ўртача кўрсаткичидан анча юқори бўлиб, ҳозирги кунда кондиционерларнинг энергия самарадорлигини баҳолаш йўлга қўйилмаган. Лойиҳа натижасида энергия сарфи юқори бўлган кондиционер маҳсулотларини муомалага чиқарилиши олдини олиш орқали мамлакатимиз иқтисодиётининг энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, йилига бир миллиондан ортиқ ва импорт тарзида кириб келадиган 150 мингдан зиёд кондиционернинг энергия самарадорлигини баҳолаш имконияти яратилади.

Шу давргача бешта йўналишда (озиқ-овқат, енгил саноат, металл, техник мойлар ва машинасозлик эҳтиёт қисмлари) синов лабораториялар Беларусь ҳамда битта сертификатлаштириш органи (сифат менежменти тизимлари) Туркия давлатидан халқаро даражада аккредитациядан ўтказилди. Бу билан саноат тармоқларининг озиқ-овқат, енгил саноат, металлургия ва машинасозлик йўналишларида мувофиқликни халқаро даражада баҳолашга эришилди.

Бўлим мутахассислари саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилган ижобий ишлардан яна бири мамлакатимизда етиштирилган вино маҳсулотларининг Европага экспорт қилиниши йўлга қўйилди. Европа давлатларининг регламентига мувофиқ вино маҳсулотларининг экспортини йўлга қўйиш мақсадида мавжуд синов лабораториясини Европа реестрига киритиш чоралари кўрилди. 2017-2023 йиллар давомида 57 хил турдаги шу турдаги маҳсулотларга V1 сертификати расмийлаштирилди. Натижада Европанинг Латвия ва Германия давлатларига маҳсулот экспорт қилинишига эришилди. 

Бу борадаги амалий ишлар келгусида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган бошқа турдаги маҳсулотлар экспортида ҳам ижобий натижа беради.

 

ЎзА мухбири Абдулазиз РУСТАМОВ ёзиб олди.