
Самарқандда бўлиб ўтаётган БМТнинг озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференцияси сессия йиғилишлари доираси давом этмоқда.
Албатта, кун тартибидан сайёрамиз аҳолиси учун – нафақат иштирокчи давлатлар, балки бутун дунё халқларига, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш мақсадида экспресс-йўлаклар очишга хизмат қилувчи “Нол очлик” даражасига эришиш тамойилини акс эттирган турли мавзулардаги муҳокама, мунозаралар ўрин олган.


Ўзбекистон конференция доирасида соҳада қўлга киритилган натижалар – аграр соҳани ислоҳ қилиш йўлида эришилган муваффақиятлар тақдимотини намойиш этади, шунингдек бу борадаги замонавий билимлар, инновацион ечимларни ўзида мужассамлаштирган жаҳоннинг илғор тажрибасига мурожаат қилинади.


Мутахассисларнинг таъкидлашича, бугунги кунда дунё аҳолиси ер ҳосилдорлиги камайиши, сув танқислиги, қолаверса, кейинги йилларда пандемия, беқарор геосиёсий вазият сингари салбий ҳолатларга кўп бора дуч келмоқда. Бу жараёнда, айниқса, озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи ўта долзарб аҳамият касб этади. Шу маънода экспертлар томонидан Самарқанд конференцияси ўтказилиши айни муддао бўлгани қайд этилмоқда.
Ғ.Хонназаров,
ЎзА