English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экопартия экология соҳасида муҳим ташаббуслар билан чиқмоқда
11:14 / 2024-10-08

Бутун Ер юзида экологик бузилишлар, иқлим ўзгариши, сув танқислиги, чўлланиш каби муаммолар энг долзарб масалага айланиб, инсониятни ташвишга солмоқда. Ушбу хавф-хатарлар атроф-муҳитга салбий таъсир қилиш баробарида инсоният саломатлигига, ҳаёт мувозанатига ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. Бу борада мамлакатимизда ҳам муҳим ташаббуслар, амалий саъй-ҳаракатлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Жорий йилги сайловларда аҳолини табиат учун бирлашишга чорлаётган Ўзбекистон Экологик партияси экологияни асраш борасида бир қатор ташаббусларни илгари сурмоқда. Хусусан, партия Сайловолди дастурида атмосфера ҳавосига чиқарилаётган зарарли газлар миқдорини 2 баробарга камайтириш, меъёрдан ортиқ ифлослантирувчи моддалар чиқарилгани учун компенсация тўловларини 10 баробаргача ошириш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ўсимликлардан фойдаланишга ва ёввойи ҳайвонларни ов қилишга муддатсиз мораторий эълон қилиш илгари сурилмоқда.

Партиянинг 10 ёшдан катта дарахтларни кўчириб ўтказишни тақиқлаш, қурилиш мақсадларида дарахтларни ноқонуний кесган тадбиркорларнинг ерга бўлган ҳуқуқини бекор қилиш тартибини жорий қилиш, фуқароларни экологик ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабарлар берганлик учун рағбатлантириш тизимини янада кенгайтириш каби ташаббуслари яшилликни асраб-авайлашда муҳим аҳамиятга эга.

Шунингдек, партия аҳоли пунктларида қайта ишланадиган чиқиндиларни автоматлаштирилган тарзда қабул қилиш қурилмаларини ўрнатиш, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ва саноат корхоналарида оқова сувлардан оқилона фойдаланиш бўйича белгиланган талабларни кучайтириш, фаолияти давомида экологияга кўп миқдорда зарар етказадиган ташкилотларнинг солиқларини ошириш эвазига иссиқхона газларини камайтиришга сармоялар киритишни қўллаб-қувватлаш ғояларини илгари сурмоқда.

Умуман, Экопартиянинг Сайловолди дастурида табиатни, атроф-муҳитни, экологияни асраб-авайлашга қаратилган устувор мақсад ва ғоялар бугунимиз ва эртамизга дахлдор бўлган ҳаётий ташаббуслардир. Айни кунларда давом этаётган ташвиқот тадбирларида партиянинг бу каби ташаббуслари кенг қўллаб-қувватланмоқда.

Муҳтарама Комилова, ЎзА