English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экин экиш ишлари давом этмоқда
16:53 / 2023-03-25

Президентимиз раислигида жорий йил 23 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, баҳорги экин мавсумини самарали ташкил этиш юзасидан бир қатор топшириқ ва вазифалар белгилаб берилди.

Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш бўйича Андижон вилояти Булоқбоши туманида муайян ишлар олиб борилмоқда. Жорий йилда туманда 453 гектар майдонга картошка, 118 гектарга соя, 50 гектарга пиёз, 20 гектарга сабзи, 85 гектарга шоли, 150 гектар майдонга мойли экинлар экиш режалаштирилган. Кунлар исиб, деҳқончилик ишлари қизиган шу кунларда аҳоли хонадонларида, деҳқончилик қилиш учун ажратиб берилган ер майдонларида юқорида қайд этилган экинлар экилмоқда. Экиш ишларига зарур техника воситалари жалб этилган. Шунингдек, фермер хўжаликларида дала четларига озиқ-овқатбоп экинлар, тут кўчатлари экиш учун ерлар тайёрланмоқда.  

[gallery-11138]

— Картошка, пиёз, сабзи, ловия, мош, шоли сингари эҳтиёж учун энг зарур бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини туманимиз аҳолиси ўзи экиб, етиштираётганлиги қиш, баҳор ойларида ана шу маҳсулотларнинг узилишининг, бозорларда нарх-наво кескин ортиб кетишининг олдини олади, – дейди Булоқбоши тумани ҳокими Ўткирбек Маъмуров. – Буни биз аввалги йиллар тажрибасида яққол кўрдик. Президентимиз томонидан бу борадаги ишлар кўламини кенгайтириш, аҳоли ва деҳқонларни қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган ишлар шубҳасиз, имкониятларимизни янада кенгайтиради.  

Жумладан, ўтган йили озиқ-овқат етиштиришга имтиёзли кредитлар ажратиш, уруғ, кўчат, ўғит ва маҳсулот сотиб олишни тўғридан-тўғри молиялаштириш ижобий самара берганлиги эътиборга олиниб, жорий йилда ана шу мақсад учун 6 триллион 200 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланганлигини алоҳида эътироф этиш лозим.  

Давлатимиз раҳбарининг топшириқлари асосида туманда қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқатбоп маҳсулотлар етиштиришни кўпайтириш, аҳолининг бандлигини таъминлаш, даромади ва турмуш фаровонлигини ошириш бўйича белгиланган ишлар изчил ва тизимли равишда олиб борилмоқда.  

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,  

З.УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА