English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эҳтиёжманд оилаларга бепул кўмир тарқатилмоқда
11:52 / 2023-09-07

Президент топшириғи амалда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов ташаббуси билан Сурхондарё вилоятининг Узун, Сариосиё ва Денов туманларидаги кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларнинг куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишини таъминлаш мақсадида бепул кўмир тарқатилмоқда.

Мамлакатимизда бўлғуси куз-қиш мавсумига пухта ҳозирлик кўриб, иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлаш ва қишли-қировли кунларда аҳолига кафолатли энергия ресурсларини етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган аномал совуқдаги хато ва камчиликлар такрорланмаслиги учун ижтимоий-иқтисодий соҳа объектлари ҳамда аҳоли хонадонларининг энергия ресурсларига эҳтиёжини таъминлаш чоралари кўрилаётир.  

Жорий йилнинг 11 август куни  Бухоро шаҳрида Президентимиз раислигида озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш орқали нарх-наво барқарорлигини сақлаш ҳамда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан кафолатли таъминлаш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам бу борада мутасаддиларга тегишли вазифалар берган эди.  

Мазкур топшириқлар ижроси доирасида сенатор Абдуғани Сангинов ҳам вилоятнинг Узун, Сариосиё ва Денов туманларида яшайдиган “Аёллар дафтари” ва “Темир дафтари”да рўйхатда турувчи ижтимоий ёрдамга муҳтож, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилалар, якка-ёлғиз кексаларни қўллаб-қувватлаб, уларнинг изғиринли совуқ кунларни бехавотир ўтказишига кўмаклашмоқда.  

–Кам таъминланган оилалар рўйхатидамиз,– дейди Сариосиё туманидаги Шабнам маҳалласида яшайдиган Раҳмат Сарбаров.–Маҳалламизга кўмир олиб келишган экан. Бизга ҳам 600 килограмм кўмир бепул беришди. Ўтган йили қиш совуғини бир амаллаб ўтказган эдик. Шу боис ўзимиз ҳам изғиринли кунлар учун имкон даражасида  ўтин тўпладик. Кўмирни уйимизга олиб киргач, кўнглимиз анча хотиржам тортди. Бу йилги қиш қаттиқ келса ҳам уни иссиққина уйда ўтказишимизга ишонч пайдо бўлди. Бундай эътибор учун давлатимиздан миннатдормиз.  

Ҳудудларда тарқатилаётган кўмирни манзилли етказиш учун Денов, Сариосиё ва Узун туманларида 11 минг 441 нафар “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”даги ижтимоий ёрдамга муҳтож фуқаролар рўйхати шакллантирилди. Хонадонларда қаттиқ ёқилғига эҳтиёж ўрганилиб, совуқ кунларда ҳаётидан рози бўлиб яшаши учун ҳар бир оилани 600 килограммдан кўмир билан таъминлаш йўлга қўйилди. Шу кунгача учта тумандаги эҳтиёжманд оилаларга тарқатилиши режалаштирилган қарийб 7 минг тонна кўмирнинг 4 минг 924 килограмми хонадонларга етказиб берилди.  

Қишли–қировли фасл учун сенатор кўмаги билан кўмир тарқатилаётган Сариосиё, Узун ва Денов туманларининг баланд тоғларида кузнинг илк ёмғири ёғиб ўтди. Далаю даштларда танага хуш ёқадиган салқин ҳаво эсиб қолди. Сурхонлик кекса билгирларнинг айтишича, бўлғуси қиш ҳам ёғингарчиликларга сероб бўлиши мумкин. Кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга тарқатилаётган кўмир ёқилғиси эса қишли-қировли кунларни айниқса, кексалар, аёллар ва болажонларнинг иссиқ хонадонларда хотиржам ўтказишига кўмаклашади. Қалбларда қувонч, кўнгилларда фахр туйғусини юксалтиради.    

Куз-қиш мавсуми учун кўмир тарқатиш давом этмоқда.    

Холмўмин Маматрайимов,  

ЎзА мухбири