
Бугун, 4 ноябрь куни Озарбайжон пойтахти Боку шаҳридаги Гайдар Алиев номидаги спорт мажмуасида 60 дан зиёд давлатнинг 370 нафарга яқин дзюдочилари иштирокида "Катта дубулға" туркумидаги навбатдаги халқаро мусобақа бошланади.
"Париж-2024" Олимпия ўйинларининг муҳим рейтинг очколарини тақдим этадиган мазкур мусобақага қуръа ташлаш маросими ташкил этилди. Унинг натижаларига кўра, илк кунги баҳсларда Ўзбекистон терма жамоасининг 8 нафар аъзоси медаллар учун татамига чиқади.
60 килограмм вазнда Дилшод Баратов қозоғистонлик Бауржан Нарбаев билан баҳслашса, худди шу вазндаги спортчимиз Кемран Нуриллаев Муҳаммад Маҳмадизода(Тожикистон)/Бекирбек Моргоев(Украина) жуфтлиги ғолиби билан куч синашади.
Шунингдек, 66 кило оғирликда Азизбек Ортиқов туркиялик Муҳаммед Демирел, Мухриддин Тиловов испаниялик Алберто Мартин қаршилигини енгиб ўтишга ҳаракат қилса, 52 кг.да Диёра Келдиёрова Бинта Ндиае (Швейцария)/Гултаж Маммадалиева (Озарбайжон) ғолибига қарши, 57 кг.да Нилуфар Эрмаганбетова венгриялик Китти Коваш билан рўбарў келади.
Эслатиб ўтамиз, мукофот жамғармаси 154 минг евро бўлган турнир 6 ноябрга қадар давом этади. Ушбу нуфузли мусобақада мамлакатимизнинг 19 нафар дзюдочиси иштирок этмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА