English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дёрдхь Шух: Бухорони кўришни бир умр орзу қилганман
11:32 / 2023-09-07

Венгрия миллий ассамблеяси бош директори Дёрдхь Шух Бухорога ташрифи доирасида вилоят ҳокими Ботир Зарипов билан учрашди.

Ботир Зарипов мартабали меҳмонни Бухорога ташрифи билан қутлади. Ташриф ўзаро манфаатли ҳамкорлик нуқтаи назаридан чинакам тарихий воқеа бўлишига ишонч билдирди.  

Шунингдек, вилоят раҳбари жорий йилнинг 19-20-август кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Венгрия давлатига амалий ташрифи Венгрия ва Ўзбекистон ўртасидаги ўта фаоллашган алоқаларнинг мантиқий давоми бўлганлигини, бу ўзаро ҳамкорликнинг қамровини кенгайтиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.  

Ҳоким юқори мартабали меҳмонга Бухоро вилоятида барча жабҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берди. Бухоро вилояти ҳокимлиги ва Венгрия давлати ўртасида савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар, туризм, фармацевтика, таълим, чорвачилик ва бошқа йўналишлардаги алоқаларни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни илгари сурди.  

Венгрия миллий ассамблеяси бош директори Дёрдхь Шух самимий қабул учун миннатдорлик билдирди. Кўҳна ва боқий Бухорога ташриф унинг бир умрлик орзуси бўлганлиги ҳақида сўзлади.  

–Ишонасизми, Бухоро ҳақида ёшлигимдан бери ўқиб, эшитиб келаман, –дейди у мулоқот чоғида. –Китобларда ўқиган, одамлардан эшитган Бухорони кўриш бир умрлик орзуим эди. Бугун шундай бахтга эришганимдан бахтиёрман. Қанийди, имкони бўлса, Бухорода қолган бўлардим.  

Томонлар мазкур учрашув икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очишига ва ҳамкорлик уфқларини янада кенгайтиришига ишонч билдирди.  

Учрашувда бу борада келгусидаги устувор вазифалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.  

Ташриф дастурига кўра, юқори мартабали меҳмон Бухоронинг диққатга сазовор жойлари, тарихий обидаларига саёҳат қилди.  

Зариф Комилов,

ЎзА мухбири