
Жорий йилнинг 14 март куни БМТ Бош ассамблеяси «Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги резолюцияни бир овоздан маъқуллади.
Ушбу резолюцияни қабул қилиш ташаббуси Давлатимиз раҳбари томонидан коронавирус пандемияси туфайли онлайн мулоқот режимида бўлиб ўтган БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган эди.
Ушбу сессияда Президентимиз Шавкат Мирзиёев илк бор ўзбек тилида нутқ сўзлаб, бир қатор ташаббуслар доирасида Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этган эди.
Ўтган қисқа вақт ичида ушбу ташаббус доирасидаги резолюция дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатлари ҳаммуаллифлигида ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Резолюцияда COVID-19 пандемиясидан кейинги даврда ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмасликни таъминлаган ҳолда кенг кўламли, барқарор ва изчил тикланишни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳамжиҳатлик, бирдамлик ва ҳар томонлама ҳамкорликка содиқликни мустаҳкамлашда парламентларнинг муҳим ўрни қайд этилган.
Шунингдек, Бош ассамблея давлатларни парламентларни қўллаб-қувватлашга, уларни БРМга эришиш бўйича келгуси фаолият ва уларнинг эришилишини кузатиш жараёнларига, айниқса, ихтиёрий миллий маърузаларни тайёрлашга жалб қилиш, шунингдек, миллий масъулият ва ҳисобдорликни таъминлаш ва кучайтириш учун уларга ёрдам беришга чақиради.
Шу билан бирга, хотин-қизларнинг қонун чиқарувчи органлар ишида ва парламент жараёнларида тўлиқ, тенг ҳуқуқли ва таъсирчан иштирокига кўмаклашиш орқали БРМга эришишни жадаллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг марказий омили сифатида гендер тенгликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.
2030 йилга қадар бўлган даврдаги кун тартибининг муваффақиятли амалга оширилишида ёшларнинг ўрни ва ҳиссаси муҳимлиги, ёшларнинг парламент жараёнларида тўлиқ, тенг ҳуқуқли ва таъсирчан иштирокини таъминлаш зарурлиги эътироф этилган.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, ушбу резолюцияда назарда тутилган парламентлар фаолиятини ривожлантириш ташаббуси амалда Янги Ўзбекистон парламенти иш фаолиятига тўлақонли татбиқ этилган. Хусусан, бугун мамлакатда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар жараёнида ҳамда ҳукуматлар, парламентлар ва фуқаролик жамиятларининг ўзаро саъй-ҳаракатларини бирлаштиришда, умумий масъулият тамойилларини мустаҳкамлашда ва халқаро шерикликни мувофиқлаштиришда парламентнинг ўрни ортиб бормоқда.
Шунингдек, биз учун гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланиб улгурди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни тобора кучаймоқда. Янги парламентимизда аёл депутатлар сони икки баробарга кўпайди. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳолат ҳам бутунлай ўзгарди. Мажбурий ва болалар меҳнати тўлиқ тугатилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилинди.
2020 йил август ойида Бирлашган миллатлар ташкилоти шафелигида ёшлар ҳуқуқларига бағишланган Самарқанд халқаро форуми ўтказилди. Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси ҳузурида «Ёшлар парламенти» фаолияти йўлга қўйилди.
Умуман олганда, юқорида таъкидланганидек, ҳар бир жабҳада парламентимиз иштироки кенгайтирилди. Мисол учун, авваллари, парламентимиз палаталари томонидан фақатгина Ҳукумат тақдим этган ҳисоботлар кўриб чиқилган бўлса, айни вақтда барча соҳалар кесимида парламентлар қўмиталари фаолияти йўлга қўйилди. Жумладан, парламентда бюджет бошқармалари ташкил этилди. Эндиликда ушбу идоралар томонидан холис ва ҳаққоний бўлган иқтисодий ислоҳотлар билан боғлиқ маълумотлар тақдим этиб келинмоқда.
Шу билан бирга, кун тартибида муҳим саналган ҳар бир масала бўйича парламент ўрганишлари ва эшитувлар ўтказиб келинмоқда. Бу жараёнларда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида парламент палаталари йиғилишлари расмий телеканаллар ва ижтимоий тармоқлар орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, резолюциянинг қабул қилиниши Ўзбекистон ўз қарашларига содиқ эканлигини, унинг ҳар бир ташаббуси нафақат мамлакат тараққиётига, шу билан бирга, дунё давлатлари ва аҳолиси фаровонлигига хизмат қилишини яна бир ёрқин мисоли бўлди.
Олтиной Мамирова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати