English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дунё болалари ҳамиша ғамхўрлик ва қўллаб-қувватлашга муҳтож!
11:22 / 2023-11-20

20 ноябрь — Бола ҳуқуқлари декларацияси қабул қилинган кун

Дунё болалари ҳамиша ғамхўрлик ва қўллаб-қувватлашга муҳтождир. Шу маънода ирқи, жинси, тили, дини, туғилган жойи, миллий ва ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ва бошқа ҳолатларидан қатъи назар, уларнинг ҳуқуқлари ҳамиша ҳимояда бўлмоғи муҳим. 

Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш эса Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро билль, шунингдек болалар манфаатларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи халқаро ташкилотларнинг тегишли ҳужжатларида белгилаб қўйилган.

Хусусан, 1959 йилги Бола ҳуқуқлари декларациясида ҳар бир бола учун ҳеч қандай камситиш ва чеклашларсиз бутун бошли ҳуқуқлар мажмуи мустаҳкамланган.

Ушбу Декларация асосида 1989 йил 20 ноябрда БМТ Бош ассамблеяси томонидан қабул қилинган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бола ҳуқуқлари соҳасидаги биринчи мажбурий халқаро ҳужжат бўлди. 

Ўзбекистон Республикаси 1992 йилда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилиши натижасида унинг қоидаларини бажариш мажбуриятини зиммасига олган. Конвенцияда кўрсатилган Бола ҳуқуқларига риоя этиш ва ҳимоя қилиш масалалари юртимизда давлат сиёсати даражасидаги вазифалар ҳисобланади.

Мамлакатимизда бола ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлаш бўйича айни давргача ва бугунги кунда қандай ишлар амалга оширилмоқда? Шу хусусда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таҳлил ва тадқиқотлар бўлими бош мутахассиси Ҳусниддин Холмаматовнинг фикрлари билан қизиқдик.

– Дарҳақиқат, инсон ҳаётининг энг муҳим даври болалик ҳисобланади, – дейди Ҳ.Холмаматов. – Ёш авлоднинг баркамол ва етук шахс сифатида шаклланишида таълим ва тарбиянинг, оила ҳамда катта авлод вакилларининг ўрни муҳим. 

Дунёнинг барча мамлакатларида болаларга алоҳида эътибор қаратиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади. Шундай экан, болаларга ғамхўрлик қилиш, қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш – келажак учун қўйилган мустаҳкам пойдевор бўлади.

Бола ҳуқуқи халқаро ҳамжамият диққат марказида турган муҳим йўналишлардан бири сифатида эътироф этилади. Хусусан, БМТ 1954 йил 14 декабрда бутун дунёда болалар фаровонлигини таъминлаш ҳамда мазкур ташкилотнинг болалар бўйича фаолиятини кенгайтириш ва кучайтириш мақсадида барча мамлакатларга 20 ноябрни – “Бутун жаҳон болаларни ҳимоя қилиш куни” сифатида кенг нишонлашни тавсия қилди. 

Зеро, 20 ноябрь – бола ҳуқуқларини ривожлантиришда муҳим босқич ҳисобланади. 1959 йилнинг айнан шу кунида БМТ Бош ассамблеяси Бола ҳуқуқлари декларациясини, 1989 йилнинг шу куни эса Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни қабул қилди. 

Бола ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш масаласи Ўзбекистон учун доим устувор мақсадлардан бири бўлиб келмоқда. Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг, 1992 йил 9 декабрда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро конвенциялар ичида биринчи бўлиб Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилгани бунинг яққол намунасидир. 

Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасига ушбу Конвенциянинг бажарилиши тўғрисида доимий равишда ҳисоботлар тақдим этиб боради.

Бугунги кунга қадар Ўзбекистон томонидан Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидалари бажарилиши юзасидан БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасига 5 та даврий маъруза тақдим этилди.

2022 йил 29 август – 23 сентябрь кунлари БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг 91-сессияси бўлиб ўтди. Мазкур сессия давомида, яъни 31 август – 1 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикасининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини бажарилиши юзасидан Бешинчи даврий маърузаси кўриб чиқилди.

БМТ Қўмитасининг ушбу сессиясида болалар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, жумладан, боланинг энг яхши манфаатларини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар, болаларга дўстона одил судлов тамойилларини жорий этиш, болаларга нисбатан камситишнинг олдини олиш, болаларнинг оилада яшаш ва тарбияланиш ҳуқуқларини таъминлаш, таълим олиш, малакали тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини таъминлаш, болалар меҳнатини олдини олиш масалалари муҳокама қилинди. Сессия якунида БМТнинг бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Ўзбекистоннинг Бешинчи даврий маърузасини кўриб чиқиш якунлари юзасидан ўзининг Якуний тавсия ва мулоҳазаларини тақдим этди.

Қўмитанинг Якуний мулоҳазалари 2022 йил 27 октябрда тасдиқланган ва жами 52 та бандга бирлашган тавсиялардан иборат.

Бугунги кунда масъул давлат органлари ва ташкилотлар, жумладан нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси якуний мулоҳазаларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси (“Йўл харитаси”) ишлаб чиқилди. 

Мазкур Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси 2023 йил 17-20 май кунлари БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси Марказий Осиё минтақавий бўлими ҳамда БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил қилинган семинарда 30 дан ортиқ манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлар вакиллари билан бирга муҳокама қилинди. 

Кейинги босқичда БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсиялари бажарилиши бўйича Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси вазирлик ва идоралар билан келишилди. Сўнгра Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш бўйича Парламент комиссиясига тасдиқлаш учун киритилди. 

Бундан ташқари, сўнгги йилларда Ўзбекистон болалар манфаатларига қаратилган давлат сиёсатини амалга оширар экан, “Ҳеч бир бола эътибордан четда қолмайди” деган тамойилга амал қилмоқда. 

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, “Инсон қадри учун” ғояси ҳамда “Ҳеч кимни орқада қолдирмаслик” тамойилига мувофиқ ўтказилган конституциявий ислоҳотлар доирасида мамлакатимиз Асосий қонунига боланинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш кафолатларини кучайтиришга қаратилган янги илғор нормалар киритилди. Миллий қонунчилик бола ҳуқуқларига доир халқаро нормаларга тўла-тўкис мувофиқлаштирилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясида боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш бўйича кафолатлар кучайтирилди. Бу борада давлатнинг мажбуриятлари кенгайтирилди.

Мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини таъминлашга доир 40 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинган. Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар “Боланинг энг яхши манфаатлари” принципини ҳаётга жорий қилишга қаратилган.

2021 йил 7 декабрдаги "Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонунга кўра, 13 ёшга тўлган шахсларнинг жиноий жавобгарликка тортилиши бекор қилинди. Жиноий жавобгарликка тортиш 14 ёшдан бошланиши белгиланди. Вояга етмаган гувоҳ ёки жабрланувчини сўроқ қилишда педагог билан бир қаторда психолог ҳам қатнашиши белгиланди. 

2023 йил 12 апрелда қонунчиликка ўзгартиришлар киритилиб, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари татбиқ этилмаслиги белгиланди. Бундай жиноятлар учун жазо чоралари янада оғирлаштирилди.

Аҳолининг 40 фоизини болалар ташкил этган Ўзбекистон учун бола ҳуқуқларини ҳар томонлама таъминлаш устувор аҳамиятга эга. Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ислоҳотларни мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) лавозими ташкил этилди.

Ўзбекистонда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг “Болалар манфаатлари уларга тегишли барча қарорлар қабул қилиш жараёнида доимо эътиборга олиниши лозим” деган тамойили татбиқ этилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Президентимизнинг 2023 йил 11 сентябрдаги фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030 стратегияси”да болалар ҳуқуқ ва манфаатларини янада такомиллаштиришга қаратилган 10 дан ортиқ чора-тадбирни амалга ошириш кўзда тутилган. 

Хулоса қилиб айтганда, ёш авлодни баркамол этиб тарбиялаш, уларни ҳар жиҳатдан етук, жисмонан соғлом, интеллектуал салоҳиятли, маънан баркамол улғайиши учун халқаро, минтақавий ва миллий миқёсда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 

Бинобарин, юртимизнинг навқирон эгалари, келажак бунёдкорларига зарур имкониятлар яратиш ҳамда мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлигига самарали ҳисса қўшиш – жамиятимиз ва давлатимизнинг биринчи даражали вазифаси экани бежиз эмас.

 

Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА